АҚШ разведкаси Эроннинг қулашига ишонмаяпти – ОАВ
Олам
−
10:41 3902 2 дақиқа
Америка разведкаси Эрон устидан амалга оширилган зарбалар ҳукуматни қулашига олиб келмаганини аниқлади. Исроиллик манба бу учун ер усти операцияси зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда АҚШ разведкасининг уч манбасига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Нашрга кўра, Эрон ҳукумати позициялари АҚШ ва Исроил билан икки ҳафталик уруш давомида барқарор бўлиб қолган ва яқин келажакда қулаш хавфи йўқ.
Кўплаб разведка ҳисоботларида “режим қулаш хавфида эмас” ва у “Эрон аҳолисини назорат қилмоқда” деган изчил таҳлиллар келтирилган, дейди манбалардан бири. Охирги шундай хулоса қилувчи ҳисобот яқинда тақдим этилган.
Шунингдек, Исроилнинг юқори мартабали расмийлари ҳам Эрон режими тез орада қулашига ишонч йўқлигини тан олган. Агентлик манбалари шуни қўшимча қиладики, вазият ҳудудларда ўзгарувчан ва Эрон ичидаги динамика келажакда ўзгариши мумкин.
Исроиллик манбанинг таъкидлашича, Тель-Авив Эрон ҳукумати мавжуд режимни сақлаб қолишига йўл қўймоқчи эмас. Унинг айтишича, ҳукуматни алмаштириш учун ер усти операцияси талаб қилинади.
28 февраль куни Эрон ҳудудига зарбалар берилгач ва “Эпик ғазаб” ҳарбий операцияси бошланганидан сўнг, АҚШ Президенти Дональд Трамп унинг мақсади – Эрон режимидан келадиган хавфлардан Америка халқи ва унинг иттифоқчиларини ҳимоя қилиш, деб маълум қилган. Зарбалар давомида АҚШ ва Исроил мамлакатнинг ҳарбий-сиёсий бошқарув объектларига кўплаб ҳужумлар амалга оширган.
Уруш бошидан бери Вашингтон Эрон ҳудудида ер усти ҳарбий операциясини ўтказиш имкониятини истисно қилмайди. Трамп айтганидек, Теҳронга қарши операция тўрт ҳафта давом этиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп АҚШ Эронга қарши урушда биринчи соатнинг ўзида ғалаба қозонганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, ҳарбий операция давомида АҚШ қўшинлари Эроннинг 58 та ҳарбий кемасини йўқ қилган ва Ислом Республикасининг ҳарбий имкониятларига жиддий зарба берган.