АҚШ Ғазодан Мисрга гуманитар коридор яратишни режалаштирмоқда – ОАВ
Олам
−
11 Октябрь 2023
6042Америка Қўшма Штатлари бошқа қатор давлатлар билан биргаликда Ғазо секторидан фаластинликлар ва америкалик фуқароларни эвакуация қилиш учун гуманитар йўлак яратиш устида ишламоқда. Бу ҳақда Исроилнинг KAN жамоат телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, бу саъй-ҳаракатлар Исроилнинг Ғазо секторида қуруқликдан операция бошлаши эҳтимоли ортиб бораётгани фонида амалга оширилмоқда.
Фаластинликларга Ғазодан қачон эвакуация қилиниши ва Мисрда қаерга жойлаштирилиши ҳақида батафсил маълумот берилмаган.
АҚШнинг Исроилдаги элчихонаси матбуот котиби мисрликлар номидан гапира олмаслигини, бироқ улар бунга рухсат беришига ишончи комил эканини айтган.
Ҳозирча Миср томонидан маълумот юзасидан расмий изоҳ берилмаган.
Исроил-Фаластин можароси
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.
Сўнгги маълумотларига кўра, қуролли тўқнашувлар оқибатида 1055 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, 5184 киши яраланган. Исроил томонидан қурбон бўлганлар эса 1200 нафарга етган. 2600 одам эса жароҳатланган.
LiveБарчаси