АҚШ дунёда сунъий йўлдошга қарши ракеталар синовини тақиқлашга эришмоқчи
Олам
−
10 Сентябрь 2022
3943АҚШ сентябрь ойида БМТга сунъий йўлдошга қарши ракета синовларини тўхтатишга қаратилган резолюцияни тақдим этади. Бу ҳақда мамлакат вице-президенти, Миллий космик кенгаш раиси Камола Харрис маълум қилди.
“Апрель ойида мен мамлакатимиз сунъий йўлдошга қарши тўғридан-тўғри вайрон қилувчи ракеталарни синовдан ўтказмайди деб эълон қилган эдим. Шу ой охирида АҚШ БМТ Бош Ассамблеясига бошқа давлатларни ҳам худди шундай мажбуриятни олишга чақирувчи резолюция киритади”, дейди Харрис.
Қайд этиш керакки, Миллий космик кенгаш собиқ Президент Дональд Трамп маъмурияти қошида қайта ташкил этилган эди. Кенгашга анъанавий тарзда мамлакат вице-президенти раҳбарлик қилади. Жорий учрашув Байден маъмурияти давридаги иккинчи учрашувдир.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг апрель ойида Камола Харрис Калифорниядаги Ванденберг космик кучлари базасига ташрифи чоғида сунъий йўлдошга қарши қуролларни синовдан ўтказишга мораторий эълон қилган эди. Шунингдек, NASA раҳбари Билл Нельсон бошқа мамлакатларни сунъий йўлдошга қарши қуролларни синовдан ўтказиш бўйича Қўшма Штатларга ўхшаш мораторий жорий этишга чақирган эди.
2021 йил ноябрь ойида “Роскосмос”нинг собиқ раҳбари Дмитрий Рогозин Россия замонавий шароитда сунъий йўлдошга қарши қуролга эга бўлиши кераклигини айтган эди. Хитой ҳам сунъий йўлдошга қарши қурол устида синовларни бошлаш арафасида экани маълум қилинган.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси