АҚШ 66 та халқаро ташкилотдан чиқади
Олам
−
08 Январь 6550 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Қўшма Штатларни 66 та халқаро ташкилотдан чиқариш тўғрисидаги меморандумни имзолади. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Ушбу ташкилотларнинг 31 таси БМТ (Бирлашган Миллатлар Ташкилоти) тузилмаларига киради. Бироқ эълон қилинган хабарда уларнинг тўлиқ рўйхати келтирилмаган. Оқ уй баёнотида айтилишича, бу ташкилотлар энди АҚШ манфаатларига хизмат қилмайди.
Оқ уй маълумотига кўра, президент маъмурияти АҚШ аъзо бўлган ёки молиялаштираётган барча халқаро ташкилотлар, конвенциялар ва битимларни кенг кўламли текширувдан ўтказгач, шундай қарорга келган. “NewsMax” хабарига кўра, эътибор марказига тушган кўплаб тузилмалар АҚШ суверенитети ва иқтисодий қудратига зид бўлган радикал иқлим сиёсати, глобал бошқарув ва мафкуравий дастурларни илгари сурмоқда.
Қайд этиш жоиз, олдинроқ Трамп АҚШни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Париж иқлим келишуви, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши таркибидан чиқариш тўғрисидаги фармонларни имзолаган эди. Шунингдек, у БМТнинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлигини (UNRWA / BAPOR) молиялаштиришни тақиқлаган.
Бундан ташқари, Трамп 2026 йил 31 декабрга қадар АҚШ UNESCO’дан ҳам чиқишини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи давлатлари, жумладан Франция ва Германия, агар АҚШ Гренландияни эгаллашга ҳаракат қилса, қандай жавоб бериш бўйича мувофиқлаштирилган чоралар устида ишлаётгани ҳақида хабар берилганди.