АҚШ 29 давлатдаги элчиларини чақириб олмоқда – ОАВ

Олам

image

АҚШ маъмурияти бошқа давлатлардаги 29 нафар дипломатик миссия раҳбарини (элчиларни) чақириб олмоқда. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментининг икки нафар ходимига таяниб, “The Associated Press” хабар берди.

Уларнинг маълумотига кўра, элчиларга ўтган ҳафта уларнинг ваколат муддати 2026 йил январида тугаши ҳақида хабар берилган.

Уларнинг барчаси АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден маъмурияти даврида ушбу лавозимларга тайинланган. Қайд этилишича, лавозимдан чақириб олинаётган дипломатлар дипломатик хизматдан бўшатилмайди, бироқ хоҳлашса, бошқа тайинловлар учун Вашингтонга қайтишлари мумкин.

Давлат департаменти аниқ нечта элчи чақириб олинаётганини очиқламаган, аммо бу ўзгаришларни “ҳар қандай маъмуриятда бўладиган одатий жараён” дея ҳимоя қилган.

Нашрнинг ёзишича, энг кўп элчилар Африкадан чақириб олинмоқда. Хусусан, 13 та давлатдаги элчилар алмаштирилади: Бурунди, Камерун, Кабо-Верде, Габон, Кот-дʼИвуар, Мадагаскар, Маврикий, Нигер, Нигерия, Руанда, Сенегал, Сомали ва Уганда.

Иккинчи ўринда Осиё турибди – бу ерда олти давлатда элчилар алмаштирилади: Фижи, Лаос, Маршалл ороллари, Папуа–Янги Гвинея, Филиппин ва Вьетнам.

Шунингдек, ўзгаришлар Европадаги тўрт давлатга ҳам тааллуқли: Арманистон, Шимолий Македония, Черногория ва Словакия. Яқин Шарқда икки давлат – Жазоир ва Миср, Жанубий ва Марказий Осиёда Непал ва Шри-Ланка, Ғарбий ярим шарда эса Гватемала ва Суринам ҳам рўйхатга киритилган.

Жорий йилнинг февраль ойи охирида “Politico” манбаларга таяниб, АҚШ Президенти маъмурияти Давлат департаментини тубдан ислоҳ қилишни, дипломатик корпус, элчихоналар ва идора ваколатларини қисқартиришни режалаштираётгани ҳақида ёзган эди. Режаларга кўра, Германия, Франция, Италия ва Бразилиядаги консулликлар қисқартирилиши кўзда тутилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Жо Байден Кот-дʼИвуар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг