АҚШ ҳарбийлари Ироқни қачон тарк этиши маълум бўлди

Олам

image

АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция ўз вазифаларини бажариб, 2026 йил кузи бошида Ироқдаги миссиясини якунлайди. Бу ҳақда Ироқ Бош вазири Муҳаммад ас-Суданий маълум қилди.

“Халқаро коалиция миссияси 2026 йил сентябрь ойида якунланади”, деди ас-Суданий.

Унинг таъкидлашича, ҳозирда Ироқ ҳукумати коалиция таркибидаги давлатлар билан хавфсизлик соҳасида икки томонлама муносабатларга ўтиш масаласида музокаралар олиб бормоқда. Ас-Суданий, шунингдек, АҚШ билан Бағдод ва Вашингтонда бу доирада икки маротаба музокаралар ўтказилганини ва яқин келажакда Ироқ конституциясига мувофиқ янги хавфсизлик муносабатларини белгилаш мақсадида учинчи раунд ҳам бўлиб ўтишини маълум қилди.

Маълумот учун, 2014 йил ёзида ИШИД террорчилик гуруҳи Ироқ ҳудудининг учдан бир қисмини эгаллаб олганди. 2015 йилда халқаро коалиция кўмагида Ироқ ҳукумати кучлари экстремистлар эгаллаб олган ҳудудларни озод қилиш учун кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлаган. 2017 йил декабрида Ироқнинг ўша пайтдаги бош вазири Ҳайдар аль-Абадий ИШИДнинг тўлиқ тор-мор этилганини эълон қилганди.

2020 йил 5 январда Ироқ парламенти барча хорижий қўшинларни мамлакатдан тўлиқ чиқариш талабини ўз ичига олган резолюцияни қабул қилган. 2021 йилда эса Ироқ ҳукумати мамлакатдаги АҚШ қўшинлари сони 2,5 минг нафардан ошмаслигини билдирган. 2021 йил 22 декабрда Ироқ Қуролли кучлари Бош штаби халқаро коалициянинг ҳарбий қўшинларини Ироқдан олиб чиқиш жараёни якунланганини маълум қилган, аммо ҳарбий маслаҳатчилар сифатидаги бирлик сақланиб қолган.

2024 йил 17 сентябрда ас-Суданий АҚШ қўшинларининг Ироқда қолишига эндиликда эҳтиёж йўқлигини таъкидлаб, уларни чиқариш бўйича график тез орада эълон қилиниши кераклигини айтган. 2025 йил охиригача коалиция ўз вазифаларини бажариши эҳтимолдан ҳоли эмаслиги ҳақидаги баёнотни эса 2024 йил 4 февралда Ироқ Президенти Абдул Латиф Рашид берган. Унинг таъкидлашича, хорижий қўшинларни чиқариш муддатлари икки томонлама келишув асосида белгилаб олинади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Ироқ халқаро коалиция Муҳаммад ас-Суданий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг