АҚШ ҳарбий сув ости кемаси Россия акваториясига кирди
Олам
−
13 Февраль 2022
22180Россия Мудофаа вазирлиги мамлакат ҳудудий сувларида Тинч океан флоти қўшинларининг машғулотлари ҳудудида АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг Virginia типидаги сув ости кемаси аниқланганини маълум қилди. Идорада айтилишича, у эрталаб соат 10:40 да Курилнинг Уруп ороли яқинида қайд этилган.
Мудофаа вазирлиги баёнотида айтилишича, Америка сув ости кемаси Россия акваторияларини тарк этиш ҳақидаги илтимосни эътиборсиз қолдириб, Россия фрегати “Маршал Шапошников” экипажи “тегишли воситалар”ни қўллаганидан кейин жўнаб кетган.
“Америка сувости кемаси радар ва акустик назоратда нишонларни иккилантириш учун ўзиюрар симулятордан фойдаланган ва максимал тезликда жўнаб кетган”, дея РИА Новости вазирликдан иқтибос келтирган.
Мазкур воқеадан кейин АҚШ ҳарбий атташеси Россия Мудофаа вазирлигига чақирилган.
Ҳозир АҚШ ва Россия муносабатлари Украина билан боғлиқ вазият сабаб ҳар қачонгидан таранглашган. Америка Шарқий Европага қўшимча қўшин киритишни бошлади. Россия эса Украина чегарасига қўшин тортиб келган.
Президент Байден Россия Украинага ҳужум қилса, оқибати оғир бўлишидан огоҳлантирмоқда. Шу билан бирга Оқ уй хўжайини рус қўшинлари 16 февраль куни ҳарбий ҳаракатни бошлашига ишонмоқда.
LiveБарчаси