АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари Туркманистонга қўнди. Американинг мақсади нима?

Олам

image

АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг C-17A Globemaster III  ва MC-130 Super Hercules ҳарбий-транспорт самолётлари Туркманистоннинг номаълум ҳудудига қўнди. Бу ҳақдаги маълумотлар кеча, 9 февраль куни “FlightRadar24” порталида пайдо бўлди. 

АҚШ кучларининг қаерда жойлашгани ҳозирча номаълум, аммо кўпчилик бу кучлар Ашхобод шаҳри яқинида йиғилганини иддао қилмоқда. 

Қайд этилишича, MC-130 Super Hercules самолёти алоҳида эътиборни тортмоқда. Ушбу самолёт қуйидаги вазифалар учун қўлланилади:

  • махсус бўлинмаларни кўчириш;
  • яширин ва тунги операцияларни амалга ошириш;
  • вертолётларни ҳавода ёқилғи билан таъминлаш ва уларни моддий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;
  • ноодатий шароитларда учиш ва қўнишларни бажариш.

Канал муаллифларининг ёзишича, Туркманистон пойтахти Теҳрондан қуруқлик орқали тахминан 800 км, ҳаво орқали эса қарийб 480 км масофада жойлашгани мазкур қўнишга қўшимча стратегик аҳамият бағишлайди. Жорий вазият фонида ушбу ҳолат АҚШнинг Эрон яқинида ҳарбий иштирокини кенгайтириш бўйича навбатдаги сигнал сифатида баҳоланмоқда. 

Қайд этиш жоиз, АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабатлар ипи узилиб кетган. Икки мамлакат сўнгги кунларда келишув столига ўтириб, ҳаммасини ҳал қилишга ҳаракат қилди, аммо бу учрашувлар ҳозирча аниқ натижа кўрсатгани йўқ. 

АҚШ қуролларининг Туркманистонда пайдо бўлиши эса Америка Эронни ҳар томондан ўраб олаётганини яққол кўрсатади. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ фуқароларини Эрон Ислом Республикасини зудлик билан тарк этишга чақирганди. Идора маълумотларига кўра, ҳозирда Эронда хавфсизлик чоралари кучайтирилган, йўллар ёпилган, жамоат транспорти фаолияти издан чиққан ва интернет тармоғи блокланган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Туркманистон C-17A

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг