Афғонистондаги жангарилар қўшни давлатларга кириши мумкин – Белоусов
Олам
−
29 Май 30400 2 дақиқа
Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусовнинг таъкидлашича, Марказий Осиёдаги асосий хавф – Афғонистон ҳудудида фаолият кўрсатаётган радикал қуролланган гуруҳларнинг қўшни давлатлар ҳудудига кириб бориши саналади. Бу ҳақда Мудофаа вазири кеча, 28 май куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг йиғилишида сўз очди.
Белоусовнинг сўзларига кўра, Афғонистонда 20 дан ортиқ бундай гуруҳлар мавжуд бўлиб, улардаги жангариларнинг умумий сони 15 мингдан зиёд кишини ташкил этади.
“Радикал гуруҳлар қўшни давлатларга кириб бориши ва кейинчалик инфилтрация хавфи ортиши мумкин. Яқин Шарқдаги беқарорлик минтақага салбий таъсир кўрсатмоқда ва бу минтақада қуролли тўқнашувларда қатнашаётган хорижий жангарилар нафақат Афғонистонга, балки Марказий Осиёдаги бошқа давлатларга ҳам тарқалмоқда”, дея қўшимча қилган Белоусов.
Қайд этиш жоиз, Россия Мудофаа вазири ўз навбатида Бишкекда Қирғизистон Мудофаа вазири Руслан Мукамбетов билан учрашув ўтказганди. Учрашув чоғида Белоусов минтақада хавф-хатарлар ортиб бораётганини таъкидлаб, Россия ва Қирғизистон бунга биргаликда муносиб жавоб бериши лозимлигини айтган. Шунингдек, у икки давлатни нафақат иттифоқчилик, балки умумий тарих ҳам бирлаштириб туришини эслатиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 апрель куни Россия Олий суди Бош прокурорнинг Россияда “Толибон” ҳаракати фаолиятини тақиқлашни тўхтатиб туриш ҳақидаги маъмурий даъвосини қаноатлантирганди. Ҳужжат 2024 йил декабрида кучга кирган, террорчилик рўйхатига киритилган ташкилотлар фаолиятини тақиқлашни вақтинчалик тўхтатиб туриш имконини берувчи ҳуқуқий норма бўйича қабул қилинган биринчи қарор бўлган.
Ҳасанбой Икромбоев
Live
Барчаси