Абдусалом Азизов ЖЧ-2022 саралаши олдидан футболчилар билан учрашди
Спорт
−
02 Сентябрь 2019
5086Яқин орада футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионати-2022 саралашининг иккинчи босқичи доирасидаги ўйинларини ўтказади. Олимпиячилар эса Токио-2020 йўлланмасини тақдим этувчи қитъа биринчилигига ҳозирлик олиб бормоқда.
Ҳозирда ҳар икки терма жамоа ҳам пойтахтда ўқув-машғулот йиғинлари ўтказмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти иккала терма жамоа футболчилари ва мураббийлар штаби билан учрашув ўтказди.
Унда Ўзбекистон футбол ассоциацияси Президенти – Абдусалом Азизов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси – Абдужаббор Абдувоҳидов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири – Дилмурод Набиев, Миллий олимпия қўмитаси президенти – Рустам Шоабдураҳмонов ҳамда ЎФА Биринчи вице-президенти – Равшан Эрматов иштирок этди.
Миллий ва олимпия терма жамоа аъзолари билан очиқ ва самимий суҳбат тарзида кечган учрашувда Рустам Шоабдураҳмонов ҳамда Абдужаббор Абдувоҳидов ҳар икки терма жамоадан ҳам мухлислар юксак натижалар кутаётганини таъкидлаб, терма жамоа вакилларидаги кайфият қандай экани билан қизиқди ва бўлажак ўйинларда омад тилади.
Шунингдек, Ўзбекистон футбол ассоциацияси Президенти Абдусалом Азизов футболчиларга мурожаат қилди.
Ўз навбатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси устози Эктор Купер айни пайтда терма жамоа ихтиёрида бўлган футболчиларнинг ҳаракатлари ва жисмоний ҳолатидан кўнгли тўлаётганини таъкидлаб, бош мақсад – мундиал йўлланмаси қўлга киритилиши йўлида биргаликда меҳнат қилишини алоҳида қайд этди.
Қолаверса, Олимпия терма жамоа бош мураббийи Любинко Друлович ҳам олимпиячилар қитъа чемпионатига жиддий ҳозирлик олиб бораётгани, барча йигитлар олдиларидаги масъулиятни тўла ҳис этиб, машғулотларда қаттиқ тер тўкаётганини айтиб ўтди.
Футболчилар номидан сўзга чиққан иккала жамоа сардори Одил Аҳмедов ҳамда Ислом Қобилов терма жамоа аъзоларининг барчаси олдинда турган муҳим учрашувларга ҳар жиҳатдан тайёр эканини, мухлислар орзиқиб кутаётган мақсад йўлида тинмай меҳнат қилинишини билдирди ва бу йўлда бор куч-маҳорат ишга солинишига ваъда берди.
LiveБарчаси