48 нафар ўзбекистонлик Доҳа аэропортида қолиб кетди

Олам

image

Қатар ҳаво ҳудудининг вақтинча ёпилиши оқибатида Тошкентга қайтаётган 48 нафар ўзбекистонлик Доҳа аэропортида қолиб кетди. Бу ҳақда мамлакатнинг Доҳадаги элчихонасига таяниб, “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Яқин Шарқдаги сўнгги воқеалар туфайли Қатарда бўлиб турган 600 га яқин Ўзбекистон фуқароси орасида жабрланганлар аниқланмаган. Кеча, 28 февраль куни Қатар ҳаво ҳудудининг вақтинча ёпилиши оқибатида Тошкентга қайтаётган 48 нафар ўзбекистонлик Доҳа аэропортида қолиб кетган. Авиакомпаниялар фавқулодда вазият сабаб йўловчиларни меҳмонхона билан таъминлай олмаган. Бироқ элчихона ходимлари зудлик билан аэропортга етиб борган. Музокаралар натижасида Ўзбекистон фуқаролари, жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали ёрдам сўраганлар вақтинчалик меҳмонхоналарга жойлаштирилган.

“Қатар ҳаво ҳудуди очилиб, парвозлар тикланиши билан фуқароларимизнинг Ватанга хавфсиз қайтиши таъминланади. Вазият элчихонанинг доимий назоратида бўлиб, йўловчилар рўйхати мунтазам янгилаб борилмоқда”, дейилади хабарда.

Дипломатик ваколатхона фуқароларни ваҳимага тушмасликка, фақат расмий манбаларга таянишга ҳамда хавфсизлик юзасидан одамлар гавжум жойлардан сақланиб, маҳаллий қонун-қоидаларга амал қилишга чақирмоқда.

Мурожаат учун элчихона консули Отабек Муратов билан боғланиш мумкин: +974 5141 1001.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Араб Амирликлари, хусусан Дубай шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан хавфсизлик талабларига риоя қилиш сўралганди.

АҚШ–Исроил–Эрон уруши

Кеча, 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Исроил томонидан старт берилган операция “Еҳуда қалқони” деб номланган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.

Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Шу орада АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берган ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган. Трамп Эрон ҳарбий хизматчиларига таслим бўлишни ва бунинг эвазига «иммунитет» олишни таклиф қилди ёки “муқаррар ўлим”ни танлашлари мумкинлигини айтган.

Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлаган. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлаган.

Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил давлати ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам ҳужумларни тасдиқлаб, баёнот берган. Унга кўра, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси Эрон террор режими келтириб чиқараётган таҳдидни бартараф этишга қаратилган. Нетаньяху махсус мурожаатида сўнгги 47 йил давомида Эрон раҳбарияти Исроил ва АҚШга қарши очиқ таҳдидлар қилган ҳамда минтақада зўравонлик сиёсатини юритганини айтган.

Аввалроқ, Эрон давлат телевидениеси Хоманаий Исроил ва АҚШ томонидан ўлдирилганини хабар қилган эди. Эроннинг “Tasnim” ахборот агентлиги маълумотларига кўра, у кеча, 28 февраль куни эрталаб ўз ишхонасида ўлдирилган. Оятуллоҳнинг вафоти муносабати билан мамлакат бўйлаб 40 кунлик умумхалқ мотами ва 7 кунлик умумхалқ дам олиш кунлари эълон қилинди.

Шунингдек, Эрон ҳудудига уюштирилган ҳужум чоғида Оятуллоҳнинг оила аъзоларидан тўрт киши – қизи, куёви, набираси ва келинларидан бири ҳам ҳалок бўлган.

Қайд этиш жоиз, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Ислом Республикаси Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг вафоти тасдиқланганидан сўнг, мамлакат “Қуролли кучлари тарихидаги энг шиддатли ҳужум операцияси” бошланганини маълум қилганди.

Шундан сўнг, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси мамлакат Исроил ва АҚШга қарши янги ҳужумлар бошланганини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг