45 ёшли чўпон шер чангалидан тирик чиқди (видео)
Олам
−
09 июл 13334 2 дақиқа
Ҳиндистоннинг Гужарат штатида шер ҳужум қилган чўпон мўъжизавий тарзда омон қолди. Эркак қарийб 30 дақиқа давомида йиртқич чангалида турган бўлса-да, ўзини йўқотмасдан ҳаракат қилиб, ҳаётини сақлаб қолган. Бу ҳақда “The Times of India” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса Гужарат штатидаги Гаражия қишлоғи, Палитана ҳудудида содир бўлган. 45 ёшли Калу Пармар исмли чўпон эрталаб сигирларини боқиш учун чиққан пайтда шер унга ташланган. Йиртқич уни ерга ағдариб, танаси устида қарийб ярим соат ушлаб турган.
Гувоҳларнинг айтишича, шер чўпонни бир неча бор қўзғатган бўлса-да, у ваҳимага тушмасдан жим ётган. Айрим хабарларда Пармар шерни тинчлантириш учун уни силагани айтилган. Одамлар ҳайвонни ҳайдаш учун бақирган ва тош отган.
“Мен сигиримни боғлаб, ҳовлида турган эдим. Уйга кириш учун бурилишим билан орқамдан бир нарса менга урилди. Нима бўлганини тушунишга улгурмасдан ерга йиқилдим. Бу шер эканлигини англашим учун бир неча сония керак бўлди”, дейди у.
Тармоқларда тарқалган видеоларда шернинг ерда ётган эркакни босиб тургани акс этган. Кейинроқ чўпон қутқарилиб, шифохонага олиб борилган. Унинг танасида жароҳатлар бўлган, аммо ҳаёти сақлаб қолинган.
Маълумотларга кўра, ҳудудда одамлар ва Осиё шерлари ўртасидаги тўқнашувлар сўнгги вақтларда кўпайган. Расмийлар мазкур ҳолат бўйича текширув ишларини олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғарбий Австралиянинг Перт шаҳри яқинидаги машҳур дайвинг ва балиқ овлаш ҳудудида 38 ёшли эркак оқ акула ҳужуми оқибатида вафот этганди.
Live
Барчаси