40 ёшли Нойер “Бавария” билан шартномасини узайтирди
Спорт
−
16 Май 653 1 дақиқа
Германиялик дарвозабон Мануэль Нойер “Бавария” клуби билан шартномасини узайтирди. Бу ҳақда Мюнхен клуби матбуот хизмати хабар берди.
Манбага кўра, 40 ёшли футболчининг янги битими 2027 йилнинг 30 июнигача амал қилади. Шунингдек, унинг 37 ёшли ўринбосари Свен Ульрайх билан тузилган шартномаси ҳам шу муддатгача узайтирилди.
“Мен бу қарор ҳақида анчадан бери ўйлаб юргандим ва энди бундан жуда хурсандман. Бу ерда ҳаммаси жойида: ушбу жамоа билан исталган рақибни мағлуб эта оламиз. Мен ҳар куни Зэбенерштрассега (“Бавария” клуби машғулот майдони) боришдан завқланаман ва ўзимни яхши ҳис қиляпман”, дейди Нойер.
Маълумот учун, Нойер 2011 йилнинг ёзидан бери “Бавария” сафида тўп суриб келмоқда. У 2017 йилдан бери жамоа сардори ҳисобланади. Тажрибали дарвозабон клуб билан икки бор требл қайд этган бўлиб, 2013 ва 2020 йилларда Чемпионлар лигасини, шунингдек, 13 марта Германия чемпионлиги, 6 бор Германия Кубоги ва 8 бор Германия Суперкубоги соҳибига айланган. Нойер мюнхенликлар сафида жами 597 та учрашувда майдонга тушган.
Германия терма жамоаси сафида рекорд даражадаги 124 та ўйин ўтказган ва 2014-йилги Жаҳон чемпионати ғолиби бўлган.
Live
Барчаси