4 тумандан 17 минг гектардан ортиқ ер Самарқанд шаҳри таркибига ўтказилмоқда
Жамият
−
13 Январь 2503 2 дақиқа
Самарқанд тумани алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида тугатилиши бўйича таклиф бугун, 13 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида қабул қилинди.
Мажлисда “Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманини тугатиш, Оқдарё, Пастдарғом, Тойлоқ туманлари ва Самарқанд шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги палата қарори лойиҳаси кўриб чиқилди ва бир овоздан маъқулланди.
Қайд этилишича, Самарқандни “Миллионли шаҳар”га айлантириш, замонавий архитектура ечимларига эга турар-жой ва нотурар биноларни қуриш мақсадида Самарқанд тумани алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида тугатилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, Оқдарё туманидан 1 410,6 гектар, Пастдарғом туманидан 1 242,3 гектар, Самарқанд туманидан 13 308 гектар, Тойлоқ туманидан 1 265,6 гектар ер майдони Самарқанд шаҳри таркибига ўтказилмоқда.
Шаҳардан 518 гектар ва Самарқанд туманидан 1 551 гектар ер майдони Пастдарғом тумани, Самарқанд туманининг 28 295 гектар ер майдони эса Тойлоқ тумани таркибига ўтказилмоқда. Бунда шаҳар ва туманлар таркибига ўтказилаётган ерларнинг амалдаги ер фонди тоифалари ўзгартирилмаган.
Ушбу чегаралар ўзгартирилиши ҳисобига Самарқанд шаҳрининг ҳудуди 11,8 минг гектардан 28,9 минг гектарга кенгайиб, янги лойиҳалар учун имкониятлар пайдо бўлади. Бу орқали шаҳар аҳолиси 604 минг нафардан 882 минг нафаргача ошиши айтилмоқда.
Шунингдек, янги уй-жой массивларини барпо этиш бўйича “Ширин” шаҳарчаси, “Темир йўл орти” ҳудуди ва “Қорасув-2” массиви ҳудудларида 309 минг аҳоли учун 710 та кўп қаватли уй-жойлар барпо этилиши режалаштирилган.
Самарқанд шаҳрида янги туристик лойиҳалар, ўйин майдонлари, аквапарк, ҳаво шарлари, истироҳат боғлари каби кўнгилочар туризм ва дам олиш масканлари ташкил этилиб, янги яшил ҳудудлар ва хизмат кўрсатиш объектлари ва логистика марказлари қурилади.
Live
Барчаси