35 йил: Хитой иқтисодий стратегиясини ўзгартирдими?
Олам
−
05 Март 4608 2 дақиқа
Хитой ҳукумати мамлакат иқтисодий ўсиши бўйича янги мақсадни 4,5-5 фоиз оралиғида белгилаган. Бу 1991 йилдан бери эълон қилинган энг паст ўсиш кўрсаткичи ҳисобланади. Янги прогноз Пекинда ўтаётган энг йирик сиёсий йиғилиш – “икки сессия” давомида маълум қилинган. Бу ҳақда “BBC” хабар берди.
Ҳукумат ушбу қарорни иқтисодиётдаги бир қатор муаммолар билан изоҳламоқда. Улар орасида ички истеъмолнинг сустлиги, аҳолининг қариши, туғилиш даражасининг пасайиши, узоқ давом этаётган кўчмас мулк инқирози ҳамда глобал савдо зиддиятлари бор. Шунингдек, Эрон атрофидаги уруш туфайли энергия бозорида юзага келган босим ҳам ҳисобга олинган.
Бош вазир Ли Цян тақдим этган ҳисоботга кўра, мамлакат янги беш йиллик режа доирасида инновация, юқори технология, илмий тадқиқотлар ва ички истеъмолни рағбатлантиришга катта сармоя киритишни режалаштирмоқда. Кейинги беш йилда саноат, транспорт ва энергетика соҳаларида 100 дан ортиқ йирик лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.
Пекин сунъий интеллект технологияларини иқтисодиётнинг асосий тармоқларига жорий қилиш ва яшил энергетикага ўтишни ҳам тезлаштирмоқчи. Шу билан бирга, аҳолининг қариши ва туғилиш даражасининг пасайиши шароитида “болалар туғилишини қўллаб-қувватловчи жамият” яратиш чоралари ҳам режалаштирилган.
Мазкур чораларга қарамай, таҳлилчилар ХХР иқтисодиётига босим сақланиб қолиши мумкинлигини таъкидламоқда. Айниқса, кўчмас мулк бозоридаги муаммолар ички талабнинг пасайишига сабаб бўлиб, иқтисодий фаолликка салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу билан бирга, АҚШ билан савдо зиддиятлари ва янги тарифлар ҳам экспортга таянаётган иқтисодиёт учун қўшимча хавф туғдирмоқда.
Live
Барчаси