2026 йил учун закот, фитр ва фидя миқдори белгиланди

Жамият

image

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказининг милодий 2026 / ҳижрий 1447 йилги Рамазон ойи учун закот нисоби, фитр садақаси ва фидя миқдори бўйича қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра:

Закот нисоби – Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бу йилги Рамазон ойи учун закот нисобини ≈ 85 грамм 585 пробали тилланинг қийматидан келиб чиқиб 100 000 000  (юз  миллион) сўм деб белгилади. Шунга кўра, камида 85 грамм тилла ёки 100 000 000  (юз  миллион) сўм пул маблағи ёки ушбу қийматдаги тижорат моли бўлган киши, жами маблағининг қирқдан бири (2,5%)ни закот ниятида камбағалларга бериши фарздир.

Фитр садақасининг миқдори қуйидагича белгиланди:

  • ≈ 2 кг буғдой ёки унинг қиймати – 10 000 (ўн минг) сўм;
  • ≈ 2 кг буғдой уни ёки унинг қиймати – 12 000 (ўн икки минг) сўм;
  • ≈ 4 кг арпа ёки унинг қиймати – 20 000 (йигирма минг) сўм;
  • ≈ 2 кг майиз ёки унинг қиймати – 110 000 (бир юз ўн минг) сўм;
  • ≈ 4 кг хурмо ёки унинг қиймати – 200 000 (икки юз минг) сўм деб белгиланди.

Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу беш маҳсулотдан хоҳлаган бири ёки  унинг қийматини фитр садақаси ниятида камбағалга берса кифоя қилади. Фитр садақасини Рамазон ойи давомида ҳайит намози ўқилгунга қадар бериш керак бўлади.

Бир кунлик фидя миқдори фитр садақасининг миқдори билан бир хил бўлади. Шундай экан, ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу беш маҳсулотдан хоҳлаган бири ёки унинг қийматини фидя ниятида беради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда жорий йилда Рамазон ойи 19 февралдан бошланиши ҳақида хабар берилган эди.

Ўзбекистонда Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳоли учун “Вақф” хайрия жамоат фондига 750 миллиард сўм ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали 300 миллиард сўм ажратилиши ҳам маълум қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси закот фитр

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг