150 минг долларга Қуръонни баҳолаб, олиб чиқиб кетишмоқчи эди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, муқаддас Қуръон китобининг ноёб нусхасини қирғизистонлик фуқарога 150 минг АҚШ долларига сотишга уринган шахслар қўлга олинди.

Аниқланишича, мазкур қадимий, ноёб китоб Бухоро шаҳрида яшовчи 49 ёшли Фаррух Шарапов томонидан Фарғона вилоятига сотиш мақсадида олиб келинади. Дастлаб у Қўқон шаҳрида яшовчи таниши Абдумалик Қосимов билан учрашиб, унга ўз режасини айтади.

Кейинроқ улар қўшни Қирғизистон Республикасидан харидор топишади ва Фарғона вилоятининг “Чимён” қишлоғида у билан кўришишади.
Келишувга асосан, Фаррух Шарапов 150 минг АҚШ долларини олганидан сўнг, китобни Ўзбекистон чегарасидан айланма йўллар орқали Қирғизистонга ўтказиб бериши керак бўлган.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлигининг экспертиза хулосасига кўра, XVI асрда қўлёзма шаклида битилган ушбу “Қуръони Карим” уста хаттот Мулла Юсуф Саххоф томонидан китоб шаклига келтирилган ва тахминан XIX аср охири XX аср бошларида қайта реставрация қилинган.
Мутахассислар фикрича, Самарқанд ҳаттотлик мактаби услубида ёзилган, қарийб 5 асрлик тарихга эга, саҳифаларига олтин суви юритилган, беназир, қўлёзма китобнинг тахминий қиймати 1 миллиард 880 миллион сўмга тенг.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Тарихий, илмий ва бадиий қийматга эга бўлганлиги боис, ушбу нодир Қуръон китоби республикамиз ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши таъқиқланган китоблар сирасига киради ва эндиликда у Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қуръон 150 минг АҚШ долларига сотмоқчи

Баҳолаганлар

218

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг