1 сентябрдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?
Фойдали
−
29 Август 2021
60697Жорий йилнинг 1 сентябридан Ўзбекистон қонунчилигида қатор ўзгаришлар кучга киради. Хусусан, эндиликда ҳайдовчилар ишончномани ўзи билан олиб юриши шарт бўлмайди. Ойлик, пенсия, стипендия ва нафақалар оширилади.
Кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси жорий этилади
2021 йил 11 августда “Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда камбағаллик билан курашиш кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
Ушбу Фармонга мувофиқ 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа ҳамда бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ўрнига кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси (болалар нафақаси) жорий этилади.
Шунингдек, болалар нафақасини тайинлашда:
• инобатга олинадиган болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача оширилади;
• тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача оширилади;
• унинг миқдорини оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб белгилаш тартиби қўлланилади.
Бундан ташқари, болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори:
• 250 000 сўм – 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун, 325 000 сўм – ёши 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун;
• 150 000 сўм – оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча;
• 100 000 сўмдан – оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун.
Жумладан, якка-ёлғиз бўлган фуқароларга, фарзанди бўлмаган ёки барча фарзандлари 18 ёшдан катта бўлган кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинланади.
Мълумот учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори – 380 000 сўм.
Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар ошади
2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори 1,1 баробарга оширилади.
2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида:
• меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 822 000 сўм;
• базавий ҳисоблаш миқдори – ойига 270 000 сўм;
• пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 289 000 сўм;
• ёшга доир энг кам пенсиялар – ойига 565 000 сўм;
• болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа – ойига 622 000 сўм;
• зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа – ойига 440 000 сўм;
• иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – ойига 440 000 сўм;
• белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 623 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори – ойига 623 000 сўм;
• 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда – ойига 2 750 000 сўм этиб;
• боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори – ойига 440 000 сўм этиб белгиланди ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади;
• боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори – ойига 440 000 сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 165 000 сўмдан қўшилиши белгиланди.
Болалар омбудсмани институти таъсис этилди
Президентнинг “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига кўра:
• Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) институти таъсис этилди;
• Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими тугатилди.
Шунингдек, болалар омбудсмани:
• ўз ваколатларини мустақил амалга оширади, фаолиятида Олий Мажлис палаталарига ҳисобдордир;
• Қонунчилик палатаси ва Сенат томонидан беш йил муддатга сайланади.
Бунан ташқари, Болалар омбудсмани лавозимига номзод Олий Мажлис палаталари кўриб чиқиши учун Президент томонидан киритилади. Фармонга кўра, Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссияси Болалар масалалари бўйича миллий комиссия этиб қайта ташкил қилинди.
Жумладан, 2021 йил 1 сентябрдан қуйидагилар ташкил этилади:
• Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти таркибида Болаларни ҳимоя қилиш масалалари шўъбаси;
• Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти;
• туман (шаҳар) ҳокимликларида болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари.
Ногиронлиги бўлган болаларни васийликка олган оилаларга тўланадиган тўловлар 2 млн 450 минг сўмгача етказилади
Президентнинг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2021 йил 1 сентябрдан:
• етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга навбатга қўйилмаган ҳолда жойлаштирилади;
• техникум, коллеж, академик лицей ёки ОТМда ўқиётган даврида ҳар ўқув йилида бир маротаба ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар (китоблар) харид қилиш харажатлари учун БҲМнинг 5 баравари (1 млн 225 минг сўм) миқдорида субсидиялар ажратилади;
• ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларининг тегишли йўналишлар бўйича курсларда ўқиш харажатлари бир йилда БҲМнинг 20 бараваригача (4 млн 900 минг сўмгача) миқдорда компенсация қилинади;
• ўқишни давлат ОТМларида давом эттирганда уларга стипендия тўловлари 50 фоизга оширилган ҳолда тўланади.
Шунингдек, ўқув-тарбия муассасаларини тамомлаган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида кредитлар навбатсиз берилади.
Бундан ташқари ногиронлиги бўлган болаларни васийликка (ҳомийликка, патронатга) олган оилаларга тўланадиган тўловлар БҲМнинг 10 бараваригача (2 млн 450 минг сўмгача) етказилади.
Маълумот ўрнида: оғир касалликка чалинган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг хорижий давлатлардаги жарроҳлик операциялари билан боғлиқ харажатлар тўлиқ миқдорда компенсация қилинади.
67 та болалар-ўсмирлар спорт мактабида от спорти бўйича бўлимлар очилади
Президентнинг “Ўзбекистонда йилқичилик, от спорти, замонавий бешкураш ва полони 2025 йилгача ривожлантириш давлат дастури тўғрисида”ги қарорига кўра, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар йили от йўрттириш тури бўйича Тошкент вилоятида “O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti kubogi uchun”, тўсиқлардан сакраш (конкур) тури бўйича Қашқадарё вилоятида “Qarshi Open”, Тошкент шаҳрида “Millatlar kubogi” халқаро турнирлари ташкил этилади.
Айрим туманлар гулчиликка ихтисослаштирилади
Президентнинг “Республика ҳудудларида гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарорига асосан 2021 йил 1 сентябрдан 2021–2024 йилларда йиллик экспорт тушумида гул экспортидан тушум улуши камида 30 фоизни ва 100 минг АҚШ доллардан кўпни ташкил қиладиган тадбиркорларнинг хомашё (гул кўчатлари, уруғлари, пиёзлари ва пайвандтаглари) импорти учун сарфланган транспорт харажатларининг 50 фоизи қопланади.
Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш такомиллаштирилади
Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йилнинг 3 август куни 490-сонли “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра 2021 йил 1 сентябрдан вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар томонидан – таълим муассасаларида, профилактика инспекторлари томонидан – хизмат ҳудудида, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари томонидан – оилаларда қаровсиз болалар аниқлайди.
Шунингдек, вояга етмаган шахснинг қаровсиз қолганлиги давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролар томонидан аниқланган ҳолларда улар бу тўғрисида профилактика инспекторига хабар беради.
Бундан ташқари, профилактика инспектори бола қаровсиз қолганлиги тўғрисида хулосага келса, тегишли тартибда болани Марказга қабул қилиш ҳақида йўлланма тайёрлайди. Шунга кўра, Марказ ходимлари 5 соат ичида болани қабул қилиб олади ва Марказга жойлаштиради
Марказ томонидан 48 соат ичида қаровсиз боланинг шахси аниқланади. Боланинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳолатига баҳо бериш натижасига кўра ижобий хулосага келинса, бола ота-онаси (ота-она ўрнини босувчи шахслар)га топширилади.
Меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга компенсация тўланади
Президентнинг “Хорижга ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб 2022 йил 1 сентябрга қадар “lаbоr-migrаtiоn” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган, касб-ҳунар ёки хорижий тилларга ўқиган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга:
• хорижий тиллар ёки касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун, башарти улар муваффақиятли топширилганда – БҲМнинг 3 бараваригача миқдорда (735 минг сўм);
• йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун – БҲМнинг 2 бараваригача миқдорда (490 минг сўм);
• ривожланган давлатларда меҳнат фаолиятини амалга оширишга “ишчи виза”ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун – БҲМнинг 5 бараваригача миқдорда (1 млн 225 минг сўмгача) компенсация тўланади.
Бунда:
• меҳнат миграциясига кетаётган фуқаро “lаbоr-migrаtiоn” дастурий мажмуаси орқали масофавий тарзда ёки бевосита Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Бандликка кўмаклашиш марказларига ариза билан мурожаат қилади;
• ариза Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 1 иш куни ичида кўриб чиқилади.
Айрим спортчи-тренерларга ойига 2 млн 450 минг сўмдан кам бўлмаган маош тўланади
Президентнинг “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Олимпия ва Паралимпия ҳамда Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон, Осиё ва республика чемпионатларида охирги 5 йилда ғолиб ва совриндор (1-3 ўрин) бўлган, шунингдек, олис ва чекка ҳудудларда ишлаётган спортчи-тренерларга:
• спорт тўгаракларини ташкил этиш учун туман ва шаҳарларда бўш турган давлат мулки ҳисобланган бино ва иншоотлар электрон савдолар ўтказмаган ҳолда, ушбу объектга нисбатан белгиланган энг кам ижара тўлови ставкасининг 50 фоизи миқдорида ижарага берилади;
• спорт инвентарлари, буюмлари ва жиҳозларини харид қилиш учун субсидиялар ажратилади;
• камида 100 нафар ёшларни мунтазам спорт билан шуғулланишини ташкил этган тақдирда БҲМнинг 10 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳар ойлик тўлов жорий этилади.
Педагоглар малака тоифасини бериш бўйича аттестациядан йил давомида ўтказилади
Малака тоифасини бериш ва сақлаб қолиш бўйича мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш йил давомида амалга оширилади.
Узрли сабабларга кўра (меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик, туғиш ҳамда болани парвариш қилиш таътили ва бошқалар) аттестациядан ўтмаган педагог кадрлар ишга қайтганига бир йил тўлгандан сўнг аттестацияга жалб этилади ва мазкур давр мобайнида уларнинг малака тоифаси сақлаб қолинади (ўз ташаббусига кўра аттестациядан ўтмоқчи бўлган педагог кадрлар бундан мустасно).
Хорижий тилларни ўқитиш бўйича илғор мактаблар рағбатлантирилади
Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши натижаларга эришган мактабларни рағбатлантириш мақсадида Президент соврини таъсис этилади.
Бунда, соврин учун мусобақалар умумтаълим мактаблари ўртасида қуйидаги уч босқичда ташкил этилган ҳолда:
• биринчи босқич – туман ва шаҳарларда ўтказилиб, ғолиблар 100 млн сўмгача;
• иккинчи босқич – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилиб, ғолиблар 250 млн сўмгача;
• учинчи босқич – республика миқёсида ўтказилиб, ғолиблар 500 млн сўмгача пул маблағлари билан мукофотланади.
Ҳайдовчилардан ишончномани талаб этиш тартиби бекор қилинади
Электрон шаклга ўтказиш орқали қуйидаги ҳужжатларни ҳайдовчилардан талаб этиш тартиби бекор қилинади:
● автомототранспортни бошқариш учун ишончнома (нотариал тартибда тасдиқланган);
● техник кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот;
● автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома.
Умумий овқатланиш корхоналари ер ва мол-мулк солиғини тўлашдан озод қилинади
• 2021 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилинади;
• 2023 йил 1 сентябрга қадар туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь