1 ноябрдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?
Бу қизиқ
−
30 Октябрь 2021
34212Жорий йилнинг 1 ноябридан Ўзбекистонда қонунчиликка жамият ҳаётига оид қатор янгиликлар кучга киради. “Норма” янги ой бошидан қонунчиликда кучга кирадиган асосий ўзгаришлар шарҳини тақдим этди.
Маҳсулот сифати устидан назорат кучайтирилади
Ички бозорга сифатли ва хавфсиз маҳсулот олиб кирилишини таъминлаш учун:
- хавфлилик даражаси юқори бўлган айрим турдаги маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказгандан сўнг республика ҳудудига эркин муомалага чиқариш тартиби жорий этилади;
- Ўзбекистоннинг резидентларига хавфлилик даражаси юқори бўлмаган айрим турдаги маҳсулотларни аккредитация қилинган мувофиқликни баҳолаш органларида мувофиқлик сертификатини бир марта расмийлаштирган ҳолда 24 ой давомида импорт қилишга рухсат этилади;
- мажбурий талабларга номувофиқ дел топилган маҳсулотлар рўйхати шакллантирилади.
Текширувлар сони оширилди
Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхатига киритилган қўшимчалар кучга киради. Йўл қурилишида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши, сув таъминоти тизимлари, электр, газ тармоқларига ноқонуний уланиш, ҳисоблаш мосламалари кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш ҳолатлари ва бошқалар текширилади.
Вақтида кўрсатилмаган давлат хизматлари учун пуллар қайтарилади
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” АТда рўйхатга олинган шахсларга, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари марказлари ва (ёки) ЯИДХП орқали давлат хизматларини кўрсатишда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловлар бўйича 50% миқдорида чегирма тақдим этилади;
давлат хизматлари марказлари, "Лицензия" АТ ҳамда ЯИДХП орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари 3 иш кунидан ортиқ вақтга кечиктирилганда, ариза берувчиларга хизматдан фойдаланиш учун тўланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловларнинг 50%и уларга бир иш кунида қайтарилади. Уларга тегишли давлат хизмати тўлиқ ҳажмда кўрсатилади.
Нодавлат тиббиёт ташкилотлари учун хизматлар рўйхати кенгайтирилди
Уларга имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси ва урология илмий-амалий тиббиёт марказлари томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар кўрсатилишига рухсат берилади.
Қурувчилардан солиқчилар учун яна битта ҳисобот
Қурилиш ташкилотлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар фойдаланилган норуда қазилмалар тўғрисидаги маълумотларни ДСҚ томонидан тасдиқланган шаклларда солиқ органларига электрон шаклда солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинети орқали тақдим этишлари керак бўлади.
Етим болалар жамғармалар томонидан қўллаб-қувватланади
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан “Меҳр дафтари”га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил этилади.
Металл прокатига янги талаблар қўйилди
Қурилиш учун металл прокати ишлаб чиқарувчи корхоналарда пўлат ва тайёр маҳсулотларнинг ҳар бир партиясини сифат назоратидан ўтказиш учун аккредитация қилинган синов лабораториялари очилади.
Меҳнат бозори тадқиқотлари институти нима билан шуғулланади
Институтга қуйидагиларни шакллантириш ва юритиш юклатилади:
- малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни баҳоловчи тизим ҳамда касбий стандартларни ва мустақил малака баҳолашнинг маълумотлар базасини;
- меҳнат миграциясида талаб юқори бўлган касблар тўғрисида ягона маълумотлар базасини.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг иш ҳақи оширилди
ҳудудида хонадонлар сони мингта ва ундан ортиқ бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг ойлик лавозим маошларини 35%га оширилади;
туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш жамғармасини ташкил этилади.
Бир қатор имтиёзлар бекор қилинди
Бир қатор маҳсулотлар учун божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этиш бўйича имтиёзларнинг амал қилиши тўхтатилади. Рўйхатга наслли она балиқ, балиқ увилдириғи, балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжи учун омухта ем ва минерал ўғит (аммофос), наслли она товуқ, паррандачилик хўжаликлари эҳтиёжи учун парранда озуқаси, ветеринария препаратлари ва бошқалар киритилди.
LiveБарчаси