1 ноябрдан нималар ўзгаради?
Жамият
−
22 Октябрь 2019
18264Ўзбекистон 1 ноябрдан қатор ўзгаришлар бўлиши кутиляпти. Хусусан, қатор қонун ва қонуности ҳужжатларининг талаблари кучга киради. Адлия вазирлиги янги ой бошидан кутилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.
1. Мобиль қурилмалар рўйхатга олинади.
Ўзбекистон ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмалар жисмоний шахслар, импорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизимига мурожаат қилиши орқали 2019 йил 1 ноябрдан бепул, 2019 йил 1 декабрдан эса пулли асосда рўйхатга олинади.
2. Ҳисоблагичлар фақат ДХМ ёки ЯИДХП орқали қиёсловдан ўтказилади.
2019 йил 1 ноябрдан бошлаб ҳисобга олиш ускуналарини қиёсловдан ўтказиш бўйича давлат хизматлари фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.
Бунда, ҳисобга олиш ускуналарини қиёслаш даврийлиги:
• юридик шахслар учун – 4 йил;
• жисмоний шахслар учун – 8 йилни ташкил этади.
3. Тутинган ота-оналарни тайёрлаш курслари ташкил этилади.
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага тарбияга (патронат) олаётган ёки оилавий болалар уйи ташкил этаётган фуқароларни тайёрлаш мақсадида “Меҳрибонлик” уйлари ва болалар шаҳарчаларида Тутинган ота-оналарни тайёрлаш курслари ташкил этилади.
4. Сув хўжалиги вазирлиги идора ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ошади.
Сув хўжалиги вазирлиги идора ва ташкилотлари ходимларининг базавий тариф ставкаларига 2019 йил 1 ноябрдан 1,1 ва 2020 йил 1 январдан 1,2 миқдорда тузатиш коэффициентини қўллаш ҳисобига уларнинг иш ҳақи оширилади.
5. Сув қудуқларини қазиш учун рухсатнома тегишли идоралар билан келишилгандан кейин берилади.
2019 йил 1 ноябрдан 2021 йил 31 декабргача Нурота, Қўшработ ва Зомин туманлари доирасида жойлашган конлар ҳудудида сув олиш учун қудуқларни қазишга рухсатнома (аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш учун мўлжалланган қудуқлардан ташқари) Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси томонидан мутассадди идоралар билан келишилган ҳолда берилади.
6. Юқори туристик салоҳиятли фуқаролар йиғинларининг рўйхати тузилади.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси энг юқори туризм салоҳиятига эга бўлган фуқаролар йиғинлари рўйхатини шакллантиради. Шунингдек, ушбу фуқаролар йиғинлари ҳудудларида 20 тадан кам бўлмаган оилавий меҳмон уйлари ташкил этилганда ва туристлар учун камида беш хил хизмат турлари кўрсатилган тақдирда уларга “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” ёки “Туризм овули” мақомини беради.
LiveБарчаси