1 июндан тадбиркорлар учун солиқ маъмурчилиги соддалаштирилади

Жамият

image

Жорий йилнинг 1 июнидан тадбиркорлар учун солиқ маъмурчилиги ва текширишлар тизими соддалаштирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 15 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Унга кўра, мол-мулк солиғини ҳисоблаш тизими бозор тамойилларига ўтказилганини инобатга олиб, қўшимча юқори солиқ ставкаларини қўллаш тартиби бекор қилинади. 

Шунингдек, айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномаси дастлабки ўрганишсиз, автоматик тарзда берилади.

Таъкидланишича, жорий йилда тадбиркорларнинг фаолиятида ўтказилган текширувлар сони 1,7 баробарга ошиб, 86 мингтани ташкил этган. Бу тадбиркорлар томонидан кўплаб эътирозларга сабаб бўляпти. Шу сабабли, тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувларни олдини олиш учун, энди 22 та турдаги текширув фақат Бизнес-омбудсман рухсати билан амалга оширилади (ҳозирги кунда 159 турдаги текширувдан 119 тасига рухсат олинади).

Бундан ташқари, юқори хавф даражаси мавжуд бўлган тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномасини тўхтатиб қўйишдан олдин хабардор этиш тартиби жорий этилади.

“Охирги солиқ маъмурчилиги бўйича ўзгаришлар тадбиркорлар ўртасида кўплаб тушунмовчилик ва саволларни келтириб чиқарди. Шунинг учун, топшириғимга кўра, Молия вазирлиги ва Солиқ қўмитаси ҳузурида йирик тадбиркорлар, олимлар ва фаол жамоатчилар иштирокида Жамоатчилик кенгаши тузилди”, дейди Президент.

Давлат раҳбари йиғилиш давомида Молия вазирлиги ва ДСҚга ҳар ҳафта тадбиркорлар билан учрашиш ва ижтимоий тармоқлар орқали тушган саволлар ҳамда тизимли масалаларни муҳокама қилиш, уларнинг ечими бўйича таклифлар киритиб боришни топширди.

Рухсатнома бериш талабларини соддалаштириш ҳам тизимли равишда давом эттирилиши таъкидланди. Бугунги кунда 200 дан ортиқ санитария талаблари мавжуд бўлиб, уларнинг 20 тасига амал қилишнинг умуман имкони йўқ. Шу муносабат билан:

•  овқатланиш корхоналари учун санитария талабларини қайта кўриб чиқиб, эскирган талабларни бекор қилиш;

•  етказиб бериш хизматлари билан шуғулланадиган корхоналарга санитария талабларини соддалаштириш вазифаси қўйилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

175

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг