Бухорода 25 ёшли аёл эри томонидан қилинган доимий хўрланиш оқибатида ўзини осди
3-саҳифа
−
05 Ноябрь 2020
16776Бухоро вилоятида 6 йил давомида турмуш ўртоғининг шаънига тегиб, уни доимий калтаклаб, ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказган фуқаро 7 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ишсиз, 30 ёшли фуқаро Р.Ф. турмуш ўртоғи 25 ёшли Ф.Н. билан 6 йил бирга яшаб, унга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлиб келган. 2 нафар фарзанди ҳам ижтимоий таъминланмай, қийналиб, очликда яшаган. Доимий равишда дўппосланиб келинган марҳума жисмоний ва руҳан қийналиши оқибатида оилавий ҳолати юзасидан “Дўстлик” МФЙ раиси У.А.га мурожаат қилган. Натижада, турмуш ўртоғи Р.Ф. жазавага тушиб, хотини ва фарзандларига яшаш уйидаги ошхона ва ҳаммомдан фойдаланишни тақиқлаган. Ф.Н.га нисбатан қайнона ва қайнопаси ҳам зўравон муносабатда бўлган.
Марҳума Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро судига алимент бўйича мурожаат қилган. Бундан хабар топган Р.Ф. хотинини ҳаммомдан яланғоч ҳолда ҳовлига судраб чиққан ва аёвсиз калтаклаган. Сўнгги чора сифатида Ф.Н. яшаш уйи тандирхонасида сиртмоқ ясаб, бўйин соҳасидан ўзини ўзи осган ва ҳодиса жойида вафот этган.
“Тергов-суриштирув жараёнларида судланувчи Р.Ф. суд-экспертиза хулосасига кўра, марҳуманинг бўйин соҳасида тириклик вақтида ҳосил бўлган эгат кўринишидаги сиртмоқ изи борлиги, кўз оқ соҳасида нуқтасимон қон қуйилишлар, талоқ кам қонлиги ҳамда жигар, буйрак, юрак, ўпка каби ички аъзолари тўқ қизил суюқ қон билан тўлганлиги, бош мия шиши, ўнг қўл биринчи бармоқ асос фалангаси орқасидаги қонталаш ва шилинмаси қаттиқ ўтмас жисм таъсирида юзага келгани аниқланган. Ушбу жароҳатлар марҳуманинг ўлимидан олдин 5 соатдан кўп бўлмаган вақтга тўғри келиши, ўз жонига қасд қилиши билан боғлиқ эмаслигини, ўнг ёноқ соҳасида шилинма ва чап тизза бўғими соҳасида шилинмаси марҳуманинг ўлимидан кейин ҳосил бўлган бўлиб, қаттиқ ўтмас жисм таъсиридан юзага келгани тасдиқланган”, дейилади хабарда.
Қоракўл туман Маъмурий суди томонидан Р.Ф. хатти-ҳаракатлари турмуш ўртоғи Ф.Н.ни ўзини ўзи осиб ўлдиришига сабаб бўлганлиги тасдиқланган. Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисмининг “а” банди (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган ва жазони умумий тартибли колонияларда ўташи жазоси белгиланган.
Динара Юсупова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь