Путинга қўйилган тузоқ, грузинларнинг қаҳрига учраган Лола, ўлдирилган миллионер ўғри, Путиннинг 8,5 йилга қамалган душмани – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

QALAMPIR’га ўғри тушди. Ўғри бўлганда ҳам 10-11 яшар атрофидаги гўдак. Очиқ қолган эшикдан офисимизга эмин-эркин, болаларча беғуборлик ва мўлайган кўзлари билан кирган боланинг қайсидир ходимнинг боласи бўлса керак деб парво қилмабмиз. У кирди-ю ходимимизнинг қаровсиз қолган сумкасини олиб, ҳожатхонага яширинди. Ўша фурсатда эса сумкадан пластик карталарни саралаб, улар орасидан айнан Humo картасини олиб, яна мўлайган кўзлари билан бинони тарк этди. Каллани ишлашини қаранг, Humo картасидан паролни термасдан 50 минг сўмгача ва бир неча бор пул ечиб олиш мумкин. Аммо QALAMPIR’дагилар ҳам анойи эмас. Картада бор-йўғи беш минг сўм бор эди. Ҳа, ўғирлик қилибсан, ойнинг санасига қарамайсанми, бола пақир? Ахир QALAMPIR’да маошлар ойнинг 10 санасида берилади-ку. Нега гапни бундан бошладик. Мана шу ҳолатнинг ўзигина мамлакатда болалар билан боғлиқ вазиятнинг аслида қандайлигини кўрсатиб тургандек. Хусусан, биргина 2023 йилнинг олти ойи давомида 950 нафар бола судланган. Улардан 108 нафари қамалган. Ҳафта давомида Ўзбекистон ва хорижда содир бўлган энг муҳим воқеалар таҳлили билан танишинг

Арманистон Путинни қамаши мумкин 

Россия Озарбайжон билан келишмовчиликлар, Тоғли Қорабоғни куч билан эгаллаб олиниши ва арманларнинг озар халқига нисбатан амалга оширган геноцидлари қораланаётган бир вақтда тўнини тескари кийиб, Арманистоннинг ёнини олмай қўйгани, “Арманистоннинг ўзи Озарбайжон ҳудудий яхлитлигини тан олиб бўлган” деган мужмал жавоб билан қутулиб, Баку томон ён босаётганидан бери Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг жазаваси қўзигандан қўзиган. 

Чўкаётган одам хасга ҳам ёпишади, деганларидек шунча вақт стол тортмасида чанг босиб ётган Халқаро жиноий суднинг Рим статути тугаётган ҳафтада ёруғлик кўриб, Арманистон Миллий Ассамблеяси (парламент) томонидан ратификация қилинди. Хўп, қабул қилса қилибди-да, шунга ота гўри қозихонами дерсиз. Йўқ, хулоса қилишга шошилманг. Бу ҳужжатнинг қабул қилиниши Путин ЕОИИ, КХШТ ва МДҲ доирасида қадрдони деб билган Арманистонга бориб қолса, қамалишини англатади. 

Тушунмаётган бўлсангиз, бир бошидан тушунтириб берай: Рим статути Халқаро жиноий судни ташкил этган халқаро шартномадир. У 1998 йилнинг 17 июлида Римда бўлиб ўтган дипломатик конференцияда қабул қилинган ва 2002 йил 1 июлда кучга кирган. Уни 137 давлат имзолаган ва 120 дан ортиқ давлат ратификация қилган.

Суд геноцид жинояти, инсониятга қарши жиноятлар, уруш жиноятлари ва тажовуз жиноятлари каби ишлар бўйича юрисдикцияга эга. Исталган давлат Рим статутининг иштирокчисига айлангандан сўнг, у белгиланган жиноятлар бўйича суднинг юрисдикциясини қабул қилади. Бироқ, статутнинг 25-моддасига мувофиқ, Суд давлатлар устидан эмас, балки жисмоний шахслар устидан юрисдикцияга эга. Суд давлатнинг ички юрисдикциясидан устунликка эга эмас.

Жорий йилнинг 17 март куни Гаагадаги Халқаро жиноий суд Россия Президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берганди. Россиянинг амалдаги Президентига қарши Россия-Украина можароси пайтида болаларни Украина ҳудудидан Россияга ноқонуний депортация қилганлик учун айбловлар қўйилган. Шунингдек, Президентнинг болалар ҳуқуқлари бўйича комиссари Мария Львова-Беловани ҳам ҳибсга олишга ордер берилган. Энди Арманистон ушбу талабни бажаришга мажбур. 

Албатта, ҳужжат парламентда жуда осонлик билан қабул қилингани йўқ.  Масалан, мухолифатдаги “Арманистон” ва “Менга шараф” фракциялари ушбу масалани муҳокама қилишни бойкот қилиб, овоз беришсиз мажлисни тарк этган. Ратификация учун 60 депутатнинг 20 нафари қарши овоз берган.

Арманистон 1998 йилда Рим статутини имзолаган, бироқ ҳужжат Арманистон конституциясига зид деб топилгач, ратификация жараёни 2004 йилда тўхтатилган. 2022 йил охирида Арманистон ҳукумати ратификация жараёнини тиклаган.

Ҳа айтганча, кун сайин Путиннинг қаҳрига учраб бораётган Арманистон Бош вазири бу ҳафта Испанияга бориб, Украина Президенти Владимир Зеленский учрашиб келди. Бу шунчаки рамзий маънога эга деб қаралаётган бўлса-да, Арманистоннинг Россиядан узоқлашиб бораётганини Пашиняннинг рафиқаси жорий йилнинг сентябрида Украинага келганида ва Зеленскийнинг рафиқаси билан учрашганида ҳам кўриш мумкин.

Шу ўринда айтиб кетай, Пашинян Испанияга ташрифи мобайнида Тоғли Қорабоғ Озарбайжоннинг ҳудуди эканлигини тасдиқловчи расмий ҳужжатни имзолади.

Нарх ошди, сифат-чи? 

Ўзбекистонда маҳаллий йўналишлардаги йўловчи поездларининг чипта нархлари ошади. Бу ҳақда  "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамиятининг ўзи уялмай-нетмай маълум қилди. Нарх ошиши ҳақидаги эълонда сифат ҳақида миқ этилмаган. 

Билдирилишича, 20 октябрдан бошлаб маҳаллий йўналишлардаги йўловчи поездлари чипта нархларининг тариф қисми 50% га, юқори тезликда ҳаракатланувчи "Афросиёб" электропоездлари чипталари тўлиқ нархининг 100 фоизига оширилади. 

Нархларнинг қимматлаши шундай сабаблар билан изоҳланган:

“Йўловчи поездлар чипта нархлари сўнгги марта 2018 йилда маҳаллий йўналишларда, 2019 йилда юқори тезликда ҳаракатланувчи "Афросиёб" электропоездида қайта кўриб чиқилган бўлиб, охирги 4-5 йил мобайнида тарифлар ўзгаришсиз қолиб келмоқда. 2019-2022 йиллар ва 2023 йилнинг 9 ойи давомида Республикамизда иш ҳақи миқдори 2,4 баробарга, электроэнергия ва ёқилғи нархларининг, логистика ва транспорт харажатларининг сезиларли даражада ошганлиги, шунингдек, йўловчи вагон паркларини янгилаш, янги поездларни харид қилиш, темир йўл вокзалларини замон талабларига мос равишда сақлашни ҳисобга олган ҳолда чипталар нархига ўзгартиришлар киритилмоқда”.

Шуни алоҳида айтиб ўтиш керакки, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ келтирган важларга мос равишда поездлардан фойдаланувчиларнинг ҳам эътирозлари йил сайин ортиб бормоқда.

Абдуқодир Мўминовга белгиланган жозо ўзгартирилмади

6 октябрь куни порахўрлик, фирибгарлик ва товламачиликда айбланган журналист ва блогер Абдуқодир Мўминовга оид жиноят иши бўйича апелляция шикояти Тошкент шаҳар судида кўриб чиқилди. 

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ажрими билан биринчи инстанция судининг Абдуқодир Мўминовга нисбатан чиқарилган ҳукми ўзгаришсиз, апелляция шикоятлари эса қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

Ушбу ажрим устидан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят берилиши ёки протест келтирилиши мумкинлиги маълум қилинди.

Хўш, ўзи биринчи инстанцияда Абдуқодир Мўминовга қандай ҳукм чиқарилганди? 

4 август куни Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида Абдуқодир Мўминовга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди. Унга кўра, Мўминовга 7 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияда ўтаттирилиш белгиланди.

Шунингдек, Мўминовдан жабрланувчилар фойдасига жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш белгиланди.

Урушга қарши чиққан журналист 8,5 йилга қамалди

Россиянинг уруш бошлаган илк кунлари ёдингиздами? Ўшанда “Биринчи канал” журналисти жонли эфир вақтида қўлида “No war. Урушни тўхтатинг. Пропагандага ишонманг. Бу ерда сизни алдашмоқда. Руслар урушга қарши” деб ёзилган баннерни кўтариб чиқиб, қаҳрамонлик кўрсатганди. Ўшанда “Урушни тўхтатинг! Уруш керакмас!” деб бақирган журналист Марина Овсянникованинг бу ҳаракати дунёда тилга тушганди. Бироқ ўшандан буён опанинг бошидан қора булутлар аримайди.

Тугаётган ҳафтада Москванинг Басманний суди журналист Марина Овсянниковани Россия Федерацияси Қуролли кучлари ҳақида ёлғон маълумот тарқатишда айбдор деб топиб, сиртдан 8,5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Нега сиртдан? Чунки опа аллақачон ватанини тарк этган. 

Судда Россия прокуратураси Украинага босқинга қарши норозилик билдириш учун жонли эфирни тўхтатган “Биринчи канал” журналисти Марина Овсянниковани тўққиз ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилишни сўраган. 

Суд прокуратура позициясини инобатга олиб, Овсянниковани саккиз йилу олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини умумий режимдаги ахлоқ тузатиш колониясида ўташга ҳукм қилди, шунингдек, суд уни тўрт йил муддатга электрон ёки ахборот-телекоммуникация тармоқларининг веб-сайтлари, шу жумладан интернет тармоғи билан боғлиқ фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилди.

Илгари Россиянинг “Биринчи канал”ида ишлаган Марина Овсянникова ўтган йили уй қамоғидан қочиб, қизи билан Россияни тарк этганидан бери Францияда яшамоқда.

Ҳа дарвоқе, бу Марина Овсянникованинг биринчи марта судга тортилиши эмас. У урушга қаршилигини жонли эфирда ифода этган куннинг эртасигаёқ унга нисбатан суд иши бошланди ва шу куннинг ўзида у 30 минг рубль миқдорида жаримага тортилди.

Иккинчи марта ўтган йилнинг июль ойида Россия армиясини обрўсизлантириш тўғрисидаги моддаси бўйича Москванинг Красноселский тумани депутати Илья Яшинга нисбатан жиноят ишини танқид қилгани учун 50 минг рубль миқдорида, учинчи марта эса август ойида Facebook’даги пости учун 40 минг рубль миқдорида жаримага тортилган эди.

Лола Йўлдошева рус тилида гапиргани учун ғазабга учради

Ўзбекистонлик таниқли хонанда Лола Йўлдошева Грузиянинг Тбилиси шаҳрида рус тилида гапиргани учун дўкондаги сотувнинг ғазабига учради. 

“Салом, қизлар. Биз ZARA’дан чиқдик. Дўконларни айландик ва сизга шуни айтмоқчиманки, бу ерда рус тилида гапираётган вақтингизда эҳтиёткорроқ бўлинг. Бу ерда рус тилини қабул қилишмас экан. Биз буни билгандик, инобатга олгандик. Мен шахсан уларнинг ҳиссиётларини тушунаман. Улар шу мамлакатда яшайди. Уларда бундай ҳуқуқ бор. Биз қизлар билан ўзбек тили ёки рус тилида гапиришга ҳаракат қиляпмиз. Лекин барчаси чегарадан чиқиб кетяпти. Биз ZARA дўконига кирганимизда ўзаро рус тилида гаплашаётганимизни сотувчи эшитиб қолди. У мен билан гаплашишни истамади, саволларимга жавоб қайтармади. Кейин мен нимадир муаммо борми ёки ўзингизни ёмон ҳис қиляпсизми, деб сўрадим. У “ҳа, мен касалман” деб жавоб берди. Мен билан жуда қўпол гаплашди. Мен унга сиз ишдасиз ва биз ёмон ҳеч нима қилмадик, дедим. Мен бу гапларни инглиз тилида гапирдим. Аммо у менга қўполлик қилишда давом этди. Охирида эса у нарсаларни столга улоқтириб юборди. Шундан сўнг мен ўзимни жуда ёмон ҳис қилдим ва консультант билан уришдим. Асал мени қўллаб-қувватлаб турди. 

Мен бу билан айтмоқчиманки, агар бошқа мамлакатга бормоқчи бўлсангиз, у ернинг кичик жиҳатларини ҳам инобатга олинг. Биз қизлар билан шундай қиляпмиз: ё инглиз, ё ўзбек тилида гапиряпмиз”, деган хонанда видеода рус тилида гапирар экан. 

У охир-оқибат мамлакатдаги рус тилига бўлган агрессив муносабат сабаб ёнида саёҳатга борганлар билан ҳам ҳатто ўзаро инглиз ва ўзбек тилларида суҳбатлашишга мажбур бўлганини билдирган. 

Гап рус тилига бориб тақаларкан, Россия Фанлар академиясининг Примаков номидаги Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар миллий тадқиқот институти катта илмий ходими, Марказий Осиё бўйича мутахассис Станислав Притчиннинг тугаётган ҳафтада маҳаллий оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсига тўхталиб ўтсак.

Унинг айтишича, охирги вақтларда Россиянинг Ўзбекистонга ахборот таъсири камайиб бормоқда. 

“Россиянинг Ўзбекистонга ахборот таъсири камайиб бораётгани ҳақиқат бўлиб қолмоқда. Дастлаб ягона ахборот ва тил маконига эга бўлганимизга қарамай, бугун Тошкент ўз траекторияси бўйлаб ҳаракатланмоқда. Ўзбек тилининг лотинлашуви 1990-йилларда содир бўлган. Бу аҳолининг рус тилини билиш даражасига таъсир қилди. Тошкент ва йирик шаҳарларда рус тили кексалар ўртасида ҳамон муҳим мулоқот тили бўлиб қолмоқда. Аммо вилоятлардаги ёшлар ва аҳоли уни ўрганишни устувор вазифа деб билмайди. Қорақалпоғистон ёки Фарғона водийсидаги ёшлар ва катталар билан мулоқотда бўлган тажрибамдан шуни айтишим мумкинки, у ердагилар ҳар доим ҳам рус тилида гаплашавермайди”, дейди эксперт

Унинг айтишича, Россияда ишлаётган ўзбек меҳнат муҳожирлари қирғизларга нисбатан рақобатбардош эмас, чунки улар рус тилини анча яхши билишади, чунки Қирғизистонда бу тил расмий мақомга эга ва кенг тарқалган, жумладан, таълим соҳасида ҳам қўлланилади. Ўзбекистонда эса рус тилини ўрганишга устувор аҳамият берилмаган.

Станислав Притчиннинг бу борадаги фикрлари яқин орада Қозоғистонга ҳам тегишли бўлиб қолса, ажабмас. Ҳатто, давлат амалдорлари катта йиғинлар, телевидение орқали мурожаатларда қозоқ тилидан фойдаланиш ўрнига, рус тилини афзал билаётганини кўп кўрамиз. Шундай вазиятда Қозоғистон қозоқ тилидаги теле ва радиоэшиттиришлар улушини босқичма-босқич 50 фоиздан 70 фоизга ошириш ниятида. Бундай ўтиш босқичма-босқич бўлиб, 2025 йилдан бошлаб ҳар йили 5 фоизга ошади.

Притчин нима дейишидан қатъи назар, Моксванинг Ўзбекистонда рус тилини ўқитиш бўйича ўз режалари бор. Бунга бироздан кейин тўхталамиз. 

“Свет”ни қанча кўп ишлатсангиз, шунча кўп тўлайсиз

Боя “Ўзбекистон темир йўллари” барча қатновлар учун поезд чипталари нархини ошираётгани ҳақидаги хабардан бошингиз бироз гангиган бўлса, энди йиқилиб, бирор дардни орттириб олмаслик учун ўтириб олинг. Ҳар ҳолда галдаги хабар поездда юрса юрмайдиган ҳаммага тегишли.

Жорий йилнинг 1 ноябридан эътиборан электр энергияси учун “ижтимоий норма” жорий қилинади. Унга кўра, электр энергиясини белгиланган лимитдан кўп ишлатган харидорлар бир неча баравар кўпроқ ҳақ тўлайди. 

Яъни, электр энергиясининг қуввати ўртача ойлик истеъмол миқдоридан ошиб кетган III гуруҳ истеъмолчиларига:

•    1 001 дан 5 000 кВт соатгача истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 2 баравар;

•    5 001 дан 10 000 кВт соатгача истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 3 баравар;

•    10 000 кВт соатдан юқори истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 4 баравар ўсувчи коэффициент қўлланилади.

Бу бўйича ўзгаришлар Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 июлдаги 245-сонли қарори билан тасдиқланган ва 1 ноябрдан кучга киради.

Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, тўлов миқдорига ўсувчан коэффициент аҳоли истеъмолчиларининг 98 фоизига мутлақо таъсир қилмайди. 

Билдирилишича, Ўзбекистондаги 7 миллион 589 мингдан зиёд абонентнинг атиги 146 мингдан ортиғи 1000 киловатт/соатдан, 10 минг нафаригина ойига 5 минг киловатт/соатда, бор-йўғи, 4 мингдан ортиқ истеъмолчи эса ойига 10 минг киловатт/соатдан зиёд электр энергияси истеъмол қилади.

Алишер Усмоновнинг мол-мулки мусодара қилинди 

Тугаётган ҳафтада Германия полицияси ва божхона ходимлари Мюнхен ва Тегернзе шаҳарларида Россиянинг Украинага бостириб кириши сабабли Европа санкциялари остида қолган миллиардер Алишер Усмоновга тегишли бўлган бир қанча мулкларни тинтув қилди. 

Германия божхона органлари томонидан санкциялар бўйича тузилган “Матрёшка” махсус комиссияси тинтувлар суд қарори асосида ўтказилганини маълум қилган. Германия расмийлари россияликнинг исмини ошкор қилмаган бўлса-да, оммавий ахборот воситаларининг аниқлик киритишича, гап асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов ҳақида кетмоқда. 

Уйдан қимматбаҳо буюмлар, жумладан, Mercedes Maybach S500 каби ҳашаматли автомобиллари мусодара қилинган.

“Германия ҳуқуқ-тартибот идораларининг Алишер Усмоновга нисбатан хатти-ҳаракатлари катта ҳайрат ва шармандалик ҳиссини уйғотади. Усмонов вакиллари тинтувлар унга тегишли объектларда ўтказилганини инкор этмоқда. Миллиардер ўзи асос солган трест активлари устидан назорат қилиш ҳуқуқига эга эмас ва трестга тегишли мол-мулк билан ҳозир нима бўлаётганини била олмайди”, деб баёнот берди Алишер Усмоновнинг матбуот хизмати.

Халқаро қидирувдаги ўзбекистонлик “қўшмачи” қўлга олинди

Одам савдоси жиноятида гумонланиб, халқаро қидирувда бўлган ўзбекистонлик аёл Маскатдан Тошкентга олиб келинди. Бу ҳақда Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси хабар берди.

Қайд этилишича, Уммон султонлиги томонидан одам савдоси жиноятини содир этганлиги учун халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси ИИВ Интерпол Миллий марказий бюроси ходимларига топширилган.

Қидирувдаги аёл 2022 йилда бир гуруҳ шахслар билан жиноий тил бириктириб, БАА ва Уммонда яхши маошли иш ва гўзал ҳаётни ваъда қилиб, қизларни чет элга олиб кетган ва у ерда шериклари билан жабрланувчиларнинг паспортларини олиб қўйиб, уларни фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаган.

“Вор в закон”“Коля қирғиз” ўлдирилди

“Коля Қирғиз” номи билан танилган қирғизистонлик криминал авторитет Қамчибек Кўлбоев Бишкекда ўлдирилди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, Қирғизистонда уюшган жиноий гуруҳларнинг фаол аъзолари ва уларнинг етакчиларига нисбатан тадбиркорлар мулкини ўта йирик ҳажмда ноқонуний тортиб олиш бўйича бир неча жиноий иш қўзғатилган. Қамчибек Кўлбоев "Доо" лақабли Чингиз Жумагуловнинг ўлдирилишида иштирок этганликда гумон қилинган эди.

4 октябрь куни “Коля Қирғиз”нинг қаердалиги аниқланган. Уни қўлга олиш учун борган Миллий хавфсизлик ходимларига қуролли қаршилик кўрсатилган.

 “Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимларининг ҳаёти ва соғлиғига ўқотар қуроллар билан тажовуз қилган Қамчибек Кўлбоевга жавоб ўқи узилган. Мазкур ҳолат юзасидан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг “уюшган жиноий гуруҳ тузиш”, “қонунга хилоф қурол савдоси”, “ўлдиришга уриниш” моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Тезкор тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, шифокорлар Қамчибек Қўлбоев олган жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этганини тасдиқлади. МХДҚ ходимлари ва тинч аҳоли вакилларидан жабрланганлар ва жароҳатланганлар йўқ”, дейилади Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси баёнотида.

Коля Қирғиз МДҲда тилга тушган“вор в закон”, яъни қонундаги ўғрилардан бири. У наркотик бизнеси, қурол-яроғ савдоси, товламачилик, қора кўчмас мулк, талончилик, автомашина ўғирлаш, бандитизм, пул ювиш, давлат мулкини ўғирлаш ва буюртма асосида қотиллик қилиш  билан шуғулланган. У Қирғизистондаги миллионерлардан бири эди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари мазкур масалада сўз очиб, жиноят олами нисбатан кураш давом этишини айтди. 

Такси ҳайдовчиси ўлдирилиб, машинаси ёқиб юборилди

Тошкент вилояти Янгийўл туманида Mаtiz такси ҳайдовчиси ўлдирилиб, автомобили ёқиб юборилганлиги ҳақида хабар тарқалди. 

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ҳолат 4 октябрь куни содир бўлган. Соат тунги 1:30 да Янгийўл тумани ИИБга ушбу ҳолат бўйича маълумот келиб тушган. Сўнг Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. 

Айни вақтда малакали ходимлардан иборат тезкор-тергов гуруҳи томонидан жиноятни фош этиш чоралари кўрилаётгани маълум қилинди.

Тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, Mаtiz бошқарувида 24 ёшли йигит бўлган.

Путиннинг туғилган кунида ҳотамтойлиги тутди

Ўзбекистон ҳар йили Россиядан 2,8 миллиард куб метр газ сотиб оладиган бўляпти. Хабарингиз бор, шу кеча кундузда, 5-7 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерациясига ташриф буюрди. Ташрифни Татаристоннинг Қозон шаҳридан бошлаган Президент Мирзиёев 6 октябрь куни Москвага келди ва мавқедоши Владимир Путин билан учрашди. 

Учрашувда Путин Ўзбекистон билан савдо муносабатларига тўхталиб, Москва Тошкентнинг ишончли савдо ҳамкорлари орасида биринчи ўринни эгаллаётганини айтди. Гапини асослашга ҳам уринди. Унинг фактларга таянишича, Ўзбекистонда Россия иштирокидаги 3 мингта ташкилот, Россияда эса 700 та ўзбек компанияси мавжуд.

Аммо ушбу учрашувда 71 ёшни қаршилаган Путин қовун туширди. Шавкат Мирзиёевга Россия билан муносабатларни ривожлантиришдаги шахсий ҳиссаси учун миннатдорлик билдираётиб, Ўзбекистон номини Доғистон билан адаштириб юборди. 

Бу Путиннинг биринчи марта адашиши эмас. Аввал ҳам, жумладан, Ўзбекистонга нисбатан бундай адашишлар учраган. 

Учрашувлардан сўнг Президентлар 11 та ҳужжатни имзолади, қўшма баёнот қабул қилди. Владимир Путиннинг фикрича, қўшма баёнот икки давлат ўртасидаги сиёсий, савдо ва сармоявий, шунингдек, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка қўшимча туртки беради. 

Ҳужжатда келтирилишича, икки мамакат ўртасида мудофаа соҳасида ўзаро ҳамкорликни, ҳарбий-техник соҳадаги ҳамкорликни амалдаги ва келажакдаги келишувлар асосида ривожлантириш бўйича ишлар давом эттирилади.

Баёнотда халқаро муносабатларда суверен давлатларда ҳокимиятнинг конституцияга зид равишда ўзгаришини қўллаб-қувватлашга йўл қўйиб бўлмайдиган ҳаракатлар, шу билан бирга, учинчи кучларнинг сиёсий ва иқтисодий босим ўтказиш мақсадида иккитомонлама ва минтақа ичидаги ишларга аралашишга уринишлари қабул қилиниши мумкин эмаслиги таъкидланган.

Учрашувдан сўнг, Президент Шавкат Мирзиёевнинг журналистларга маълум қилишича, Ўзбекистон ва Россия ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун ижтимоий кафолатлар тўғрисидаги битимни тайёрлашни тезлаштиришни режалаштирмоқда.

Ўзбекистоннинг тегишли идоралари маълумотларига кўра, ҳозирда хорижда доимий асосда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари сони 2 миллион кишидан ошади, уларнинг 60 фоиздан ортиғи Россия Федерациясида меҳнат қилади. Марказий банки маълумотларига кўра, ўтган йили меҳнат муҳожирлари ўз ватанларига 20 миллиард долларга яқин пул ўтказган, Ўзбекистонга ўтказмаларнинг 80 фоиздан ортиғи Россиядан келган.

Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар миллий тадқиқот институти катта илмий ходими, Марказий Осиё бўйича мутахассис Станислав Притчинга кўра, Ўзбекистоннинг иқтисодий жиҳатдан ривожланиши Россияга меҳнат муҳожирлари сонининг камайишига олиб келмайди, аксинча, буёғига Россияда ўзбекистонлик мигрантлар кўпайса кўпаядики, камаймайди. 

“Бу Россияга миграция оқимига жиддий таъсир қилади, деб ўйламайман. Аҳоли сони бўйича Ўзбекистон шу қадар тез ўсиб бормоқдаки, ички муҳожирлар етарли, хорижга ишлаш учун бориш зарурати юқорилигича қолмоқда. Шундай экан, Ўзбекистоннинг ривожланиши Россияга бўлаётган ҳозирги миграция жараёнларига жиддий таъсир кўрсатмаслиги керак”, дейди Станислав Притчин. 

Бояроқ Притчин Ўзбекистонда рус тилида сўзлашувчилар камайиб бораётгани ҳақида гапирганини айтгандим. Путин ва Мирзиёев имзолаган қўшма баёнотга кўра, Россия ва Ўзбекистон республикада рус тилини ўрганиш бўйича қўшма дастурларни амалга оширишда давом этади. Бу борада қўшма баёнотда шундай дейилган:

“Томонлар Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикасининг миллий тилларини ҳурмат қилган ҳолда ҳамда уларнинг таълим ва тарбия жараёнларидаги муҳим ролини эътироф этган ҳолда, Ўзбекистон республикасида рус тилини ўрганиш бўйича қўшма гуманитар дастурларни амалга оширишни давом эттириш ниятларини тасдиқлайдилар”.

Хўш, мана энди етиб келдик яна газ масаласига. Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари Владимир Путин 71 ёшни қаршилаган 7 октябрь куни Россия гази Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб беришни бошлаш маросимида иштирок этди. 

Путиннинг таъкидлашича, Россияда ишлаб чиқарилган газ илгари ҳеч қачон Россия Федерациясидан Марказий Осиёга юборилмаган. Россиядан ёқилғи Ўзбекистонга Қозоғистондан транзит орқали келади. Унинг бир қисми Қозоғистонга етказиб берилади. Россия раҳбарининг сўзларига кўра, бу бутун минтақанинг энергия хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган ўзаро манфаатли лойиҳадир. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июнь ойида “Газпром” ва Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ўртасида Россия газини етказиб бериш бўйича шартнома ҳамда мамлакат газ транспорт тизимини уни қабул қилиш ва ташишга тайёрлаш бўйича “йўл харитаси” имзоланган эди. Бундан ташқари, Газпром ва ҚазақГаз Россия газини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистон истеъмолчилари учун ташиш бўйича шартнома тузди. 

Ҳа айтганча, Притчиннинг фикрича, 2016 йилгача Россия-Ўзбекистон муносабатларида асосий чекловчи омил Ислом Каримовнинг сиёсати ва Тошкентнинг яккаланиб қолиши бўлган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг