Андижондаги масжидда газ портлади
Жамият
−
01 Апрель
3578Андижон вилоятининг Избоскан туманида жойлашган масжидда газ портлади. Қурбонлар бор. 31 март куни соат 12:19 ларда Андижон вилояти Избоскан тумани, “Мирзо Улуғбек” МФЙ ҳудудида жойлашган “Аҳмадали ҳожи” жоме масжидида ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши содир бўлган.
ФВВнинг маълум қилишича, масжидда газ портлаган. Оқибатда таҳоратхона девор ва том конструкцияларига зарар етган, ёнғин содир бўлмаган.
Андижон ҳокимлигининг маълум қилишича, портлаш оқибатида таҳоратхона биноси қулаган. Ҳодиса содир бўлган жойга вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида барча мутасадди масъуллар етиб борган.
31 март куни берилган маълумотда, ҳодиса оқибатида 10 нафар фуқаро тан жароҳати олгани, 3 киши ҳалок бўлгани айтилди. Бу маълумотлар ҳозирча янгилангани йўқ.
Маълум бўлишича, ҳодиса содир бўлгани хабар қилинганида водийда бўлиб турган Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Ботир Қудратхўжаев Избоскан туманига етиб борган..
Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятовнинг маълум қилишича, масжид ҳудудида рўй берган бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган фуқароларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама кўмаклашиш ҳамда жабрланган фуқароларга тез тиббий ёрдам кўрсатиш, ушбу бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, шунингдек, бу каби фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши қабул қилинган. Фармойиш билан Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилган.
Андижон вилояти прокуратурасининг маълум қилишича, масжиддаги газ портлаши ортидан жиноят иши қўзғатилган.
Вилоят прокуратураси ҳодиса ҳақида батафсилроқ ахборот бериб, шундай деган:
Избоскан туманида жойлашган “Аҳмадали ҳожи” масжидининг таҳоратхона биноси ертўласида иситиш мосламаларига уланган газ қувурларидан сизиб чиққан табиий газ хона ичига тўпланиб қолиши оқибатида электр энергияси ёқилган вақтда чақнаш содир бўлиб, бино қулаб тушган.
Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205-(Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 259- (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Билдирилишича, тергов ҳаракатлари давомида барча ҳолатлар тўлиқ ўрганилиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
ФВВ ва вилоят прокуратураси берган ахборотда ҳодиса оқибатида 10 нафар фуқаро тан жароҳати олгани, 3 киши ҳалок бўлгани айтилди. Аммо ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса қурбонлар кўплигини ёзмоқда.
Газ портлагани ҳақида маълум қилингандан кейин, кўпчилик Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳрида жойлашган автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасидаги портлашни эслади. Ҳолат ўтган йилнинг 17 декабр куни содир бўлган эди. Портлашда 4 нафар фуқаро вафот этган расман эълон қилинмаган. Аммо, тармоқ фойдаланувчилари жумладан, фарғоналиклар ҳам расмийлар ўлганлар сонини яширганини айтган эди.
Фарғонадаги портлаш Андижондагидан анча даҳшатлироқ эди, шундай бўлишига қарамай ўшанда, воқеа жойига ҳоким ё бошқа расмийлар боргани ёки ҳукумат комиссияси тузилгани ҳақида ҳеч қандай ахборот берилмаган. Ҳалок бўлганларнинг яқинларига компенсация пули тўланган ёки тўланмагани ҳозирча маълум эмас ва кўпчилик нега ҳукумат Фарғонадаги ҳолатда ҳукумат комиссияси тузмагани, расмийлар у ҳолатга совуққон бўлгани ва ҳатто ҳалок бўлганларнинг яқинларига таъзия билдирмаганини ёзишмоқда.
LiveБарчаси