Эшик ортидаги экспертиза: паранормал ҳодисалар ҳақиқатми?
Интервью
−
29 Март
10370Баъзан ижтимоий тармоқларда жинсий ва жисмоний зўравонлик ҳолатлари рўй берганида суд-тиббий экспертизасининг қасддан кечиктирилиши ҳақида эшитамиз. Хўш, ўлим сабаби, жиноят тергови ҳамда суд жараёнларида ҳал қилувчи роль ўйнайдиган суд-тиббий экспертизаси натижалари қандай ҳолларда кечиктирилади? Криминалистик фильм ҳамда сериаллардаги драматик ва сирли тасвирлар пайдо қиладиган тасаввурлар шунчаки уйдирмами? Шундай саволларга жавоб олиш учун Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази директори, профессор Шерзод Рўзиев билан суҳбатлашдик.
Иқбол Эргашова, мухбир.: — Авваламбор, суҳбат бошида мурдалар устида иш олиб борадиган икки – суд-тиббий экспертиза ва патологик анатомия соҳаларининг ўзаро фарқларини тушунтириб берсангиз.
Шерзод Рўзиев, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази директори, профессор: — Ушбу икки соҳа ўртасида бир нечта фарқлар мавжуд. Масалан, суд-тиббий экспертизаси мурдада зўравонлик аломатларини тасдиқлаш ёки инкор этиш орқали ўлим сабабини аниқласа, патологоанатомик текширув ўлим сабабини аниқлаш орқали диагностика ва даволаш чораларининг тўғри олиб борилганини назорат қилади. Бундан ташқари, суд–тиббий экспертиза суриштирувчи ёки терговчи қарори ёхуд суд ажрими асосида ўтказилади, патологоанатомик текширув эса даволаш муассасаси раҳбари ёки унинг муовини кўрсатмаси бўйича амалга оширилади.
Яна бир фарқ шундаки, суд-тиббий эксперти ҳар бир ҳолатда ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилгани, ёлғон хулоса бериш ҳамда хулоса беришдан бош тортиш ҳоллари бўйича жиноий жавобгарликдан огоҳлантирилгани ҳақида тилхат беради. Патологоанатомик текширувда эса бундай талаб қўйилмайди. Шунингдек, патологоанатомик текширув асосан даволаш муассасаларида содир бўлган ўлим ҳолатларида ўтказилса, суд–тиббий экспертизаси учун ўлим содир бўлган жой аҳамият касб этмайди. Бундан ташқари, суд–тиббий экспертиза мурданинг кийим ва жароҳатларини синчиклаб ўрганади, патологоанатомик текширувда эса булар текширув объекти ҳисобланмайди.
И.Э.: — Суд-тиббий экспертизага ҳар хил шароитда вафот этган шахслар жасади, жумладан, таниб бўлмас ҳолатга келиб қолганлари ҳам келтирилиши мумкин. Бунда жасад шахси қандай аниқланади?
Ш.Р.: — Авваламбор суд-тиббий эксперт томонидан мурданинг сўз портрети тузилади ва қисмлари расмга олинади. Гуруҳий мансубликни аниқлаш учун мурданинг барча қисмларидан материал (қон, мушак тўқимаси ва бошқалар) олинади. Мурда қисмларида аниқланган татуировка, хол ва чандиқ каби алоҳида белгилар тавсифланиб, расмга олинади. Қон гуруҳи ва заҳарли моддаларни аниқлаш кабилар учун гистологик текширув ўтказилади. Мурда шахси ва энг аввало, ўлим сабабини аниқлаш учун юқоридагилар каби яна бир неча текширувлардан фойдаланилади.
И.Э.: — Ўлим вақти қандай аниқланади?
Ш.Р.: — Ҳодиса жойида мурдани кўздан кечириш ва суд–тиббий экспертизасида ҳал қилиниши лозим бўлган асосий масалалардан бири ўлим муддатини аниқлашдир. Амалиётда ўлим вақтини аниқлаш учун кўпинча мурданинг совиши, қуриши, қотиши, ундаги доғлар ва чириш ҳодисаларининг намоён бўлиш даражасидан фойдаланилади.
И.Э.: — Суд-тиббий экспертиза соҳаси кўпгина кино ва сериаллар учун мавзу бўлиб келади ҳамда уларда кўпинча, ўликхоналарда паранормал ҳодисалар содир бўлиши, турли овозлар эшитилиши тасвирланади. Бу реалликка қанчалик яқин?
Ш.Р.: — Буларнинг ҳаммаси томошабинни қизиқтириш учун қилинадиган ҳар хил хаёлий уйдирмалардир. Аслида ҳеч қандай овозлар эшитилмайди ва мен шунча йиллик фаолиятим давомида ҳеч қачон паранормал ҳодисаларга дуч келмаганман. Ҳеч ким йўқ жойда узоқ вақт ёлғиз бир ўзи қолган одамга бамисоли ҳар хил товушлар эшитилгандек, кимдир уни чақиргандек туюлиши ёки кўзига нимадир кўриниши аслида унинг хаёлий уйдирмасидир. Яна шуни айтишим керакки, кино ва сериалларда ушбу соҳа вакиллари салбий образда гавдалантирилади, аммо ҳаётда улар жуда оқкўнгил инсонлар бўлади.
И.Э.: — Экспертизанинг атайлаб кечиктирилиши ҳақидаги саволдан олдин марказ фаолиятига ҳам бироз тўхталсак. Суд-тиббиёт экспертизаси соҳасида қандай ўзгариш ва модернизациялар қилинди ҳамда тизимда қандай муаммолар мавжуд?
Ш.Р.: — Марказ 2018 йилдаги 4049-сонли Президент қарори асосида ташкил этилган ва 2022 йилдан буён таянч докторант ва мустақил изланувчиларни қабул қилмоқда. Уларнинг бир нечтаси фалсафа доктори (PhD) илмий унвонига эга бўлди. Модернизация ҳақида тўхталсак, марказга DNK аппарати олиб келинмоқда. Қолаверса, барча лабораторияларни замонавий технологиялар билан бойитиш ҳамда марказ қошида илмий даражалар берувчи кенгаш ташкил этиш кўзда тутилган. Тизимдаги муаммолар ҳақида гапирадиган бўлсак, экспертларнинг ойлик маоши оширилиши керак деб ўйлайман. Улар учун ҳам давлат ҳисобидан чет давлатларда малака ошириш ва тажриба алмашиш бўйича курслар ташкил қилинса, қолаверса, энг муҳими, экспертлар дахлсизлиги таъминланса мақсадга мувофиқ бўлади.
И.Э.: — Баъзан жинсий тажовуз ёки жисмоний зўравонлик билан боғлиқ ҳолатларда ваколатли органлар томонидан тиббий экспертиза тайинлашнинг қасддан кечиктирилиши ҳақида эшитамиз. Маълумки, тиббий экспертиза учун вақтнинг аҳамияти катта.
Ш.Р.: — Амалдаги қонунларга мувофиқ, суд экспертизаси суриштирув ёки тергов идоралари қарори ёхуд суд ажримига асосан ўтказилади. Экспертиза тайинланиши ва ўтказилиши шарт бўлган ҳолатлар Жиноят-процессуал кодексининг 173-моддасида белгилаб қўйилган. Таъкидлаш керакки, эксперт хулосасини баҳолаш ҳам ишни юритаётган шахс ёки органнинг ваколати ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, жисмоний шахслар мурожаати билан экспертиза ўтказилиши мумкин эмас. Экспертиза тегишли органлар қарори асосида ўтказилиши шарт.
Эксперт томонидан экспертизани атайлаб кечиктириш ҳолатлари кузатилмайди. Хулоса муддати кечикиши сабаби экспертиза ўтказиш учун материаллар ўз вақтида тақдим қилинмагани билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Шунингдек, айтиб ўтишим мумкинки, экспертиза учун бўлиб ўтган воқеани батафсил таърифлаш, жабрланувчининг қаршилик кўрсатиш характерини аниқ белгилаш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, жинсий ёки жисмоний зўравонлик ҳолатларида жабрланувчининг қаршилик қилиш характерини билиш ҳамда жиноят содир этилган жой ўрганилаётганида суд-тиббий экспертининг мутахассис сифатида иштирок этиши, жиноий ҳолатни тўғри аниқлашга имкон беради.
LiveБарчаси
Самарқанд иқлим форуми бошланди.
04 Апрель