Байдендан Путингача. Президентлар қандай кошонада ишлайди? (фоторепортаж)
Бу қизиқ
−
10 Ноябрь 2021
31613Давлат раҳбарлари ҳам бошқалар каби иш кабинетига эга, улар ҳам кун давомидаги ишларини бир жойдан бажаради, мамлакат ҳаётини бошқариб туради. Аммо уларнинг ишхонаси бошқаларникидан, ҳашаматлироқ ва, асосийси, жиддий хавфсизлик тизимига эга. Очиқ осмон остида жойлашган мазкур саройларда Президентлар энг муҳим қарорларни қабул қилади. Ҳамкасбларини ва элчиларни ҳам худди мана шу ҳашаматли биноларда кутиб олади. Бугун QALAMPIR.UZ дунё раҳбарларининг қароргоҳлари ҳақида ҳикоя қилувчи фоторепортажни эътиборингизга ҳавола этади.
АҚШ
АҚШ Президентлари мамлакатни анъанавий тарзда Оқ уйдан бошқаради. Кўплаб Президентларга бошпана бўлган ушбу кошона ўзига хос тарихга эга.
Оқ уй – АҚШ Президентининг Вашингтонда жойлашган расмий қароргоҳи. 1789 йилда сайланган мамлакатнинг биринчи Президенти Жорж Вашингтон даврида қурилган мазкур бино Колумбия округининг Вашингтон шаҳрида жойлашган. АҚШнинг иккинчи Президенти Жон Адамс унинг даслабки “соҳиби” ҳисобланади.
Оқ уйнинг меҳмонлар учун мўлжалланган ошхонаси девори пештоқига Жон Адамснинг қуйидаги насиҳати илиб қўйилган: “Мен бу уйнинг келажакдаги эгалари ҳақиқатпарварлик ва донишмандлик билан шу уй томи остида мамлакатни бошқаришларини сўраб дуо қиламан”.
Оқ уй 6 қават бўлиб, унда 132 хона, 35 та ваннахона, теннис корти, гольф майдони, югуриш йўлакчаси, бассейн, боулинг йўлкаси ва кинотеатр мавжуд.
Ҳар тўрт йилда АҚШ конгресси Оқ уйни яхши ҳолатда сақлаб туриш учун давлат буджетидан 100 минг доллар маблағ ажратади. Оқ уйнинг юқори қисмидаги икки қават биринчи хоним хизматида бўлиб, мамлакатнинг биринчи хонимлари мазкур қаватларни ўзлари истаганча безашлари, деворларини бўятишлари, дидларига мос парда осишлари ҳуқуқига эга. Мабодо Президент ва биринчи хоним Оқ уй меҳмонхонасида бирор нарсани ўзгартиришни истаб қолсалар, улар албатта Оқ уйни сақлаш қўмитаси билан маслаҳатлашиши жоиз.
Маълумот ўрнида, айни вақтда Оқ уй “соҳиби” АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байден ҳисобланади.
Россия
Кремль – 1991 йилдан Россия Президентининг расмий қароргоҳи. Мазкур бино Москва дарёсининг юқори сўл соҳилида, Боровитск тепалигида жойлашган. Унинг режа тарҳи нотўғри учбурчак бўлиб, мажмуа 27,5 гектар майдонни эгаллайди.
Ўтган аср бошида истеҳкомда 54 та турли хил бино-иншоот бўлган бўлса, бугунги кунда унинг ярмидан кўпи, 28 таси мавжуд эмас. 1918 йилда бевосита Ленин раҳбарлигида қатор тарихий аҳамиятга молик бинолар бузиб ташланган.
1990 йили Кремль UNESCO'нинг бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.
Франция
Елисей саройи – Франция Президентларининг қароргоҳи. Ушбу сарой аввал ҳукумат биноси сифатида ишлатилган. 1848 йилга келиб Луи-Наполеон Бонапарт бошчилигидаги расмий ҳукумат қароргоҳи мақомини олган.
Сарой ўз даври талабларига мос равишда қурилган. У классик меъморчиликнинг ёрқин намунасидир. Уч қаватли марказий бино ҳар томондан ёпиқ ярим думалоқ ҳовли билан ажралиб туради. Қарама-қарши томонда парк мавжуд.
Сайёҳлар учун Президент саройига доимий кириш имконияти йўқ. Мазкур бинонинг меҳмонхоналарида Франция Президенти элчиларни, хорижий давлатларнинг вакилларини ва бошқа расмийларни қабул қилади. Саройнинг хавфсизлигини Республика гвардияси аскарлари таъминлайди.
Туркия
Оқ Сарой (Ak Saray) – Туркия Президентининг расмий қароргоҳи. Сарой Туркия пойтахти Анқара шаҳрида жойлашган бўлиб, катталиги Вашингтондаги Оқ уйдан 50 баробар, Москвадаги Кремль, Лондондаги Букингем саройи ва ҳатто Париж яқинидаги Версал саройидан уч баравар катта эканлиги тахмин қилинади.
Ak-Saray Туркия давлат ғазнасига 615 миллион долларга тушган. Йўлаклари мармардан ишланган ва ҳайҳотдек баҳаво айвонлари бўлган ҳашаматли кошона замонавий электрон тизимлар билан жиҳозланган.
Сарой амалдаги Ражаб Тойиб Эрдўған Президент бўлганидан сўнг қурилган. Унгача Туркия Президентлари Анқарадаги анчайин одми Чанкая саройида яшаб келган. Эрдўғаннинг айтишича, бу каби бинолар давлатнинг обрўси учун муҳим аҳамият касб этади.
Буюк Британия
Бугунги кунга келиб Лондоннинг энг асосий рамзларидан бирига айланган Букингем саройи, 1703 йилда Букингем герцоги учун қурилган. Орадан 58 йил ўтгач эса қирол Жорж (Георге) III саройни рафиқаси қиролича Шарлотта учун сотиб олган.
Дунёнинг энг ҳашаматли қароргоҳларидан бири деб эътироф этиладиган саройда 775 та хона мавжуд бўлиб, улардан 19 таси давлатга қарашли, 52 таси қиролича, унинг оиласи ва меҳмонлар учун қолган 188 таси ходимлар учун мўлжалланган.
Шахсий қабул ва унча катта бўлмаган йиғилишлар саройдаги Оқ меҳмонхонада бўлиб ўтади. Шоҳона қандил ва мебеллар билан безалган мазкур залнинг яна бир ўзига хослиги ойна ва жавон ортида яширин эшик борлигида. Маълумотларга қараганда, қиролича айнан шу эшик орқали меҳмонлар билан кўришиш учун меҳмонхонага киради. Бундан ташқари, қироллик оила аъзоларини суратга олиш ва қироличанинг "Рождество" табриги учун ҳам айнан шу меҳмонхонадан фойдаланилади.
Германия
Бельвю саройи – Германия Президентининг қароргоҳи. Мазкур сарой Тиргартен шаҳрининг шимолий қисмида жойлашган бўлиб, 1784 йилда қурилган ва 1994 йил расман Германия Федераль Президентининг расмий қароргоҳи мақомини олган.
Айни вақтда саройга кириш деярли тақиқланган. Саройга кириш учун Президент девонига ариза ёзиш керак. Йилда бир марта очиқ эшиклар куни бўлиб ўтади ва ан шу куни Президент саройига кириш мумкин.
Хитой
Чжуннаньхай мажмуаси – Хитой Халқ Республикаси Раисининг расмий қароргоҳи. Мазкур бино пойтахт Пекин марказида жойлашган. Мажмуа Жин, Юань ва Мин сулолалари даврида (XII-XV асрлар) барпо этилган. Унинг ҳудудида бир қанча сарой, ибодатхона ва павильонлар сақланиб қолган.
Чжуннаньхайнинг дастлабки соҳиби Хитой Республикасининг биринчи Президенти Юань Шикай бўлган. 1949 йил – Хитой Халқ Республикаси ташкил топгандан сўнг, мажмуа ҳудудида Хитой Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси ва Давлат Кенгаши учун бир нечта янги бинолар қурилган.
Хитой Халқ Республикаси раиси қароргоҳини фуқаролик кийимидаги кўп сонли махфий хизмат ходимлари қўриқлайди. Бино атрофидаги кўчаларда шахсий транспорт воситаларининг тўхташи тақиқланган.
Бирлашган Араб Амирликлари
Қаср ал-Ватан – Бирлашган Араб Амирликлари Президентининг Абу-Дабидаги қароргоҳи. Мазкур сарой дунёнинг 20 та энг диққатга сазовор жойлари рўйхатига киритилган. Қаср ал-Ватанда Президент Шайх Халифа бин Зоид Ал-Наҳаён махсус меҳмонларни қабул қилади.
Мўжизавий сарой 2015 йилда қуриб битказилган. Хоналардаги барча жиҳозлар соф олтиндан ясалган. Саройда Президентдан ташқари вице-президент ва Абу-Даби валиаҳд шаҳзодасининг оилалари яшайди. 2019 йилда сарой ўз эшикларини сайёҳлар учун очган.
Маълумот ўрнида, Бирлашган Араб Амирликлари Президенти дунёдаги энг бой ҳукмдорлардан бири саналади. Унинг шахсий бойлиги 15 миллиард доллардан ортиқ, оила аъзоларининг бойлиги эса 150 миллиард долларга баҳоланган. Ақлга сиғмайдиган бойлик унга ўз саройларидаги ҳовуз ва фаввораларни Эвиан шаҳри яқинидаги Франция булоқларидан йиғилган минерал сув билан тўлдириш имконини беради. Шайх дунё бўйлаб ўзининг қароргоҳлари сонини эслай олмайди.
Туркманистон
Ўғузхон –Туркманистон Президентининг қароргоҳи. Мазкур саройнинг қурилиш ишлари 3 йил давом этиб, 2011 йил 18 майда якунланган. Манбаларга кўра, умумий ҳисобда 250 млн доллар маблағ сарфланган. Биринчи эгаси Туркманистоннинг амалдаги Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовдир.
3 қаватдан иборат бинонинг баландлиги 45 метр. Саройнинг умумий майдони 7,5 гектарни ташкил қилади. Ички безатиш учун 55 млн доллар сарфланган, 14 та қўлда ишланган гилам билан безатилган. Сарой оқ мармар билан безатилган.
Ўзбекистон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қароргоҳи пойтахт Тошкентдаги Мустақиллик майдонида жойлашган. Аввал мазкур қароргоҳ Олий Мажлис Сенати биноси бўлган.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу бинода асосан чет эллик юксак мартабали меҳмонларни қабул қилади.
Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қароргоҳи “Оқсарой” бўлган. Аммо Каримовнинг вафотидан сўнг, ушбу сарой музейга айлантирилган.
LiveБарчаси