Афғонистонда коронавирус. Ўзбекистон чегарада қандай чоралар кўрмоқда?
Олам
−
25 Февраль 2020
10652Аввалроқ, Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида коронавирус билан боғлиқ ҳолат учрагани ҳақида хабар берилган эди.
Сир эмас, бу хабар кўпчиликни саросимага солиб қўйди. Барчада бирдек савол пайдо бўлгани шубҳасиз: коронавирус Ўзбекистонга кириб келадими? Хўш, қўшни Афғонистон билан чегарада мамлакатга вирус кириб келишининг олдини олиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Афғонистон Ислом Республикасидан Ўзбекистонга Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом” чегара божхона пости орқали кириб келинади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратини ташкил этиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасига киришда шахслар, йўловчилар ва уларнинг қўл юклари ҳамда багажи назорат тартиб-таомилларидан қуйидаги тартибда ўтказилади:
1) чегара назорати бўлинмалари томонидан Давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар мавжудлиги текширилади;
2) санитария-карантин бўлинмаси томонидан назоратдан ўтказилади;
3) Давлат чегараси орқали пиёда ўтадиган шахслар қўл юки билан бирга назорат тартиб-таомилларидан ўтиш учун залга йўналтирилади.
Бундан ташқари, божхона назоратидан ўтказиш жараёнида божхона органлари фитосанитария ва ветеринария назорати органларининг қуйидаги вазифаларини ҳам амалга оширади:
- фитосанитария ва ветеринария назорати предметлари мавжудлиги тўғрисида сўраш;
- фитосанитария ва ветеринария назорати талаб қилинадиган товарларни олиб кириш учун рухсат этувчи ҳужжатлар мавжудлигини сўраш;
- қўл юки ва багажни назорат қилиш жараёнида фитосанитария ва ветеринария назорати объектлари мавжудлигини назорат техник воситалари ёрдамида кўздан кечириш.
Маълумотларга кўра, коронавируснинг кириб келишини олдини олиш мақсадида, Афғонистондан келаётган ҳар бир фуқаро махсус дезинфекцияланган гиламлар орқали киритилиб, санитария-эпидимология осойишталик маркази ходимларининг назоратидан ўтказилмоқда. Автотранспорт воситалари эса махсус дезинфекцияланган сувларга туширилиб, Ўзбекистонга киритилмоқда. Бундан ташқари, Афғонистондан келаётган барча фуқародан тиббиёт ниқобларида бўлишлари талаб қилинмоқда.
“Ушбу божхона постида хизмат олиб бораётган барча хизматлар ходимлари тиббиёт ниқоблари ва тиббий қўлқоплар билан фаолият кўрсатмоқда”, дейилади Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати берган маълумотда.
LiveБарчаси