Ҳусанов учун тўланган маблағ унча катта эмас – Сэм Тиге
Спорт
−
17 Январь 2025 20334 2 дақиқа
Дунёга машҳур “Sky Sports” нашри журналисти Сэм Тиге “Манчестер Сити” харид қилган ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусановнинг ўйин услубини мақтади ва у учун тўланган маблағ унчалик катта эмаслигини айтди.
“Ҳусанов жуда ажойиб футболчи, ёш ва тезкор. Яъни Кайл Уокернинг акси десак ҳам бўлади. У бу мавсум қайси ўйинлиги ёдимда эмас, лекин ўз жарима майдонидан рақиб жарима майдончасигача соатига 37 км тезликда югуриб етиб келган. Бу дегани “жарима майдонидан жарима майдонигача”да бемалол ўйнай олади. Биласизми, у франциялик ёш ҳимоячиларга ўхшайди. Жуда ҳам агрессив, лекин бу агрессияни қоидалар доирасида ва ишонч билан кўрсатади. Бу рақибни ҳис қила олган ҳолда минимум фоллар билан ҳужумни тўхтатишнинг имконини беради. Ҳусанов бир рақибдан иккинчисига ўтиб, ҳақиқий хавф қаерда эканлигини ўқий олади ва бартараф этади. Ўйлашимча, “Сити” дунёнинг энг яхши ёш ҳимоячиларидан бирини сотиб олди. У учун тўланган маблағ унча катта эмас. 33 миллион фунт-стерлинг бу элита даражасига чиқа оладиган ҳимоячи учун катта пул эмас”, дейди Тиге.
Маълумот ўрнида, 11 январга ўтар кечаси инсайдер Фабрицио Романо Абдуқодир Ҳусановнинг “Манчестер Сити” футболчисига айланганини тасдиқлаган эди. Ўзбекистонлик ҳимоячини “Манчестер Сити” “Ланс”дан бонуслари билан ҳисоблаганда 50 миллион еврога сотиб олди. Тез орада клуб футболчини расман оммага таништиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, россиялик футбол эксперти Юрий Сёмин Москванинг “Спартак” клубини вақтида Ҳусановни сотиб олмагани учун танқид қилганди.