Ҳожиларга яратилган шарт-шароит бўйича Ўзбекистон биринчи бешталикдан жой олди
Жамият
−
31 Июль 2019
3510Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги томонидан Ўзбекистон ҳожиларга яратилган шарт-шароитлар бўйича Малайзия, Индонезия, Туркия сингари биринчи бешталик давлатлар сафига киритилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси, “Ҳаж-2019” Ишчи гуруҳи раҳбари Жасур Акрамов Макка шаҳрида ҳожилар билан ташкил этилган учрашувда маълум қилган.
Бу йилги ҳаж мавсумига тайёргарлик ишлари нисбатан эрта бошланиб, юқори тажрибага эга ширкатлар билан шартномалар тузилган. Энг замонавий меҳмонхоналар ижарага олинган. Бундан ташқари, 7200 нафар зиёратчига мавсум давомида намунали хизмат кўрсатиш учун 35 нафардан иборат Ишчи гуруҳи, 140 нафар гуруҳ раҳбари (элликбоши), 35 нафар шифокор ва 15 нафар ошпаз жалб этилган.
Учрашувда кейинги пайтда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳам сўз юритилиб, масжид-мадрасаларни давлат рўйхатидан ўтказишда имтиёзлар берилгани, Халқаро ислом академияси таъсис этилгани, “Вақф” хайрия жамоат фонди тузилгани, Халқаро Ислом цивилизация маркази, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказлари ташкил этилгани, Ҳадис, Калом, Ақида, Фиқҳ ва Тасаввуф илми мактаблари тузилгани алоҳида қайд этилди. Айниқса, ҳаж қилувчилар сони кескин оширилиб, умра сафарига чекланмаган миқдорда зиёратчилар бориши мумкин экани айтилган.
LiveБарчаси