Ҳокимликлар томонидан 386 та ҳужжат асоссиз яширилгани аниқланди
Жамият
−
27 Январь 3595 2 дақиқа
Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимликлар томонидан 386 та ҳужжат асоссиз яширилгани аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, агентлик томонидан жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан “яширинган” ёки “хизмат доирасида фойдаланиш учун” (ХДФУ грифи билан) қабул қилинган қарор ва фармойишлар ўрганилган.
Давлат раҳбарининг 2025 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонида агентлик зиммасига “Э-қарор” тизимида қабул қилинадиган ҳужжатларни эълон қилишда очиқликка оид қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш ва очиқликни таъминлаш бўйича таъсирчан чораларни қўллаш вазифаси юклатилган.
Таҳлиллар натижасига кўра, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан жами 1 907 та қарор ва фармойиш ушбу асосларда қабул қилингани аниқланган. Дастлабки ўрганишлар жараёнида мазкур ҳужжатларнинг 386 таси асоссиз равишда яширилгани маълум бўлган.
Яширилган қарорларнинг 68 таси ташкилий тузилмани тасдиқлаш, 46 таси маблағ ажратиш, 34 таси рағбатлантириш, 156 таси лавозимга тайинлаш ҳамда 82 таси бошқа масалаларга оид ҳужжатлардан иборат.
Очиқланмаган ҳужжатлар сони бўйича энг юқори кўрсаткичлар Фарғона (67 та, 44 фоиз), Хоразм (32 та, 39 фоиз), Бухоро (58 та, 37 фоиз), Қашқадарё (41 та, 26 фоиз) ва Самарқанд (38 та, 15 фоиз) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.
Агентлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликларига асоссиз яширилган 68 та қарор ва фармойишларни очиқлаш ва мазкур қонунбузилишларнинг келиб чиқишига сабабчи бўлган масъул ходимларга нисбатан тегишли чора кўриш юзасидан тақдимномалар киритилган.
Ҳозирда асоссиз деб топилган қолган ҳужжатлар бўйича ўрганиш ишлари давом эттирилиб, натижаларига кўра ҳар бир қарор ва фармойишга нисбатан белгиланган тартибда ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилиши таъминланади.
Live
БарчасиАлиев ишчи ташриф билан БААга борди
02 Февраль