Ҳиндистонликлар коронавирусга қарши сигир пешобини истеъмол қилмоқда
Олам
−
14 Март 2020
20159Бугун, 14 март куни бир гуруҳ ҳиндлар сигир пешобини ичиш учун зиёфат уюштирди. Уларнинг фикрича, сигир пешоби коронавирусдан ҳимоя қилади. Ҳиндларда сигир муқаддас ҳайвон саналади, шунинг учун унинг пешоби ҳам фойдали хусусиятга эга деб ҳисобланади.
Мамлакат пойтахтидаги Бутун Ҳиндистон Ҳиндлари Иттифоқи гуруҳи томонидан ташкил этилган "зиёфат"га 200 киши ташриф буюрди. Ташкилотчилар шунга ўхшаш тадбирларни Ҳиндистоннинг бошқа жойларида ҳам ўтказилишини таъкидламоқда.
“Биз 21 йилдан бери сигир пешобини ичяпмиз ва сигир гўнги билан ювиняпмиз. Биз ҳеч қачон инглиз дори-дармонларини қабул қилишга эҳтиёж сезмаганмиз”, дейди "зиёфат"да қатнашган Ом Пракаш.
Эътиборли жиҳати шундаки, Ҳиндистоннинг Ассам штати раҳбари шу ой бошидаги йиғилишда сигир пешоби ва сигир гўнги коронавирусни даволаш учун ишлатилиши мумкинлигини айтди.
Ҳиндлар сигир пешобидан саратонга қарши восита сифатида ҳам фойдаланишади. Лекин, мутахассислар бир неча бор бу восита саратон каби касалликларни даволамаслигини ва унинг коронавируснинг олдини оладиган хусусиятлари йўқлигини таъкидлашмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 146 349 нафарга етган. Бу касаллик туфайли 5 443 киши вафот этган. Беморлардан 6 082 нафари ёки 9 фоизининг аҳволи оғир. Шу кунгача касалликни юқтирганларнинг 72 572 нафари бу вирусдан фориғ бўлган.
LiveБарчаси