Ҳиндистон Таълим вазири оммавий норозиликлар ортидан истеъфога чиқди

World

image

Ҳиндистон Таълим вазири Дхармендра Прадҳан имтиҳон саволлари сизиб чиқиши ортидан мамлакат бўйлаб давом этаётган оммавий норозилик намойишларидан сўнг истеъфога чиқди. Бу ҳақда у бугун, 25 июль куни ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.

Прадҳаннинг айтишича, у юзага келган вазиятдан “миллатга қарши кучлар” сиёсий мақсадларда фойдаланиб кетмаслиги учун Бош вазир Нарендра Модига истеъфо аризасини тақдим этган.

“Мен мамлакат ёшларининг орзу-интилишлари, ҳис-туйғулари ва қонуний талабларини чуқур ҳурмат қиламан”, деб ёзган у.

Вазир, шунингдек, ўн минглаб талабаларнинг норозиликлари сиёсий мақсадларда суиистеъмол қилинишига йўл қўймасликни исташини, ёшлар ўқиш ва келажакдаги фаолиятига эътибор қаратиши кераклигини таъкидлаган.

Намойишларга бошчилик қилаётган сатирик “Тараканлар халқ партияси” ҳаракати етакчиси Абҳижеет Дипке вазирнинг истеъфосини намойишчиларнинг муҳим ғалабаси сифатида баҳолаган.

“Биз бунга эришдик. Демократия ғалаба қозонди”, дейди у Деҳлидаги Жантар Мантар майдонида йиғилган намойишчилар олдида.

Ҳаракат вакиллари ҳукумат олдига яна икки талабни қўйган. Улар намойишчиларга нисбатан қўзғатилган барча жиноят ишларини бекор қилиш ҳамда имтиҳон саволларининг сизиб чиқиши ортидан ўз жонига қасд қилган талабалар оилаларига компенсация тўланишини сўрамоқда.

Сўнгги кунларда Деҳлида вазият кескинлашган. Полиция парламент томон йўл олган намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва махсус воситалардан фойдаланган. Оқибатда кўплаб талабалар жароҳат олгани айтилмоқда.

Аввалроқ, Ҳиндистон ҳукумати вазиятни юмшатиш мақсадида имтиҳон саволлари сизиб чиқиши билан боғлиқ ишларни тезкор судларда кўриб чиқиш ҳамда имтиҳон тизимидаги фирибгарлик ва коррупцияга қарши чораларни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқишини маълум қилганди.

Таҳлилчиларга кўра, ушбу норозилик намойишлари сўнгги йилларда Бош вазир Нарендра Моди ҳукуматига қарши кузатилган энг йирик жамоатчилик чиқишларидан бири бўлиб, ёшлар орасида иш ўринлари тақчиллиги, коррупция ва давлат бошқарувидаги муаммолар юзасидан норозилик кучайиб бораётганини намоён этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистонда имтиҳон саволларининг сиздирилиши ортидан минглаб ёшлар норозилик намойишларига чиқиб, намойишчилар мамлакат Таълим вазири Дхармендра Прадҳаннинг истеъфосини талаб қилаётгани ҳақида хабар берилганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends