Ҳарбий тавсияномага эга абитуриентлар рўйхати қайта кўриб чиқилмоқда — ДТМ
Жамият
−
06 Октябрь 2020
5428Кеча, 5 октябр куни Давлат тест маркази биноси олдида тўпланган абитуриентлар бўйича телеканалларда кўрсатувлар эфирга узатилди ва интернет нашрларида бир қатор мақолалар эълон қилинди.
Даслат тест марказидан маълум қилишларича, мурожаат қилган абитуриентлар гуруҳига масала моҳияти бўйича Давлат тест маркази мутахассислари ва Мудофаа вазирлигининг мутасадди вакиллари томонидан батафсил тушунтириш ишлари олиб борилган.
Ҳозирда ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга абитуриентлар рўйхати тегишли вазирлик ва идоралар томонидан қайта кўриб чиқилмоқда.
“Маълумки, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган абитуриентлар учун алоҳида қабул кўрсаткичлари ажратилади ва улар ушбу кўрсаткичлар доирасида танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 7-июндаги 468-сон қарорининг 2-иловасигa мувофиқ олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлган абитуриентлар тоифаси ҳамда уларнинг реестрини шакллантириш учун масъул бўлган ваколатли органлар тасдиқланган.
Унда Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган фуқароларга имтиёзларни бериш учун масъул ваколатли органлар ҳам белгиланган.
Мазкур тавсияномага эга абитуриентлар рўйхатдан ўтишда ўзларига тегишли тавсиянома маълумотларини дастурга киритадилар ва рўйхатга олиш якунлангандан сўнг, уларнинг маълумотлари масъул ваколатли органга юборилади ҳамда маълумотларнинг тўғрилиги текширилиб, тасдиқланади.
Бунда, абитуриентнинг паспорт маълумотлари (шахсий идентификация рақами, паспорт серияси ва рақами, фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси) ва тавсиянома билан боғлиқ бошқа маълумотлар юборилади. Масъул ваколатли органлар томонидан маълумотлар тўғрилиги фақат тавсиянома рақами билан эмас, абитуриентнинг паспорт маълумотлари асосида текширилади.
Имтиёзга эга абитуриентлар маълумотлари олдинги йилларда худди шундай тартибда текширилган.
Жорий йилда ҳам ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга абитуриентлар рўйхати шу тавсияномаларни берган вазирлик ва идораларга юборилган. Тақдим этилган рўйхат улар томонидан текширилиб, тасдиқланган ҳолда Давлат тест марказига қайтарилган. Aбитуриентларга ҳарбий имтиёзни қўллаш ёки қўлламаслик ана шу тасдиқланган рўйхат асосида амалга оширилган”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси