Ҳамширалик йўналишига қабул квотаси икки баробарга оширилади
Жамият
−
10 Ноябрь 2217 2 дақиқа
Келгуси йилдан барча тиббиёт олийгоҳларида олий ҳамширалик иши йўналиши очилади ва квота 2 карра, 2027 йилдан эса камида 20 фоиздан ошириб борилади. Бу ҳақда бугун, 10 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан ўтказаётган учрашувда маълум қилинди.
Бундан мақсад – яқин йилларда олий маълумотли ҳамшираларнинг улушини 10 фоизга етказиш. Олий маълумотга эга, шифокор билан ёнма-ён турадиган бундай ҳамшираларнинг меҳнати муносиб рағбатлантирилади. Келгуси йилдан олий маълумотли ҳамшираларнинг маошига 100 фоиз устама берилади.
Айни пайтда ўрта маълумотли ҳамшираларни тайёрлаш тизими ҳам ўзгартирилади. Бу борада Англиянинг “Пирсон” компанияси билан ҳар бир ҳудуддаги биттадан техникумда халқаро стандарт асосида ҳамшираларни тайёрлаш бошланди. Бунинг давоми сифатида Германия, Швейцария, АҚШ каби давлатларнинг таълим дастурлари олиб кирилади. Шулар орқали халқаро талабларга жавоб берадиган, хорижий тилларни биладиган ҳамшираларнинг корпуси шакллантирилади.
“Тиббиётга юқори технологик ускуналар олиб киряпмиз, янги клиникаларни барпо этяпмиз. Уларда ким ишлайди? Албатта, Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлган ўғил-қизларимиз меҳнат қилади.
Шу боис, тиббий таълимдаги ислоҳотларимизни давом эттириб, оиланинг барча ёшдаги аъзоларига малакали тиббий хизмат кўрсата оладиган оилавий шифокорлик институтини ривожлантиришимиз зарур”, деди Президент.
Келгуси ўқув йилидан тиббиёт олийгоҳларининг бакалавр босқичида педиатрия ва даволаш йўналишларини ўз ичига олган умумий тиббиёт факультети очилиши эълон қилинди. Уларда оилавий шифокорлик мутахассислиги бўйича резидентура ва магистратура ҳам йўлга қўйилади. Резидентурада таълим олаётган талабалар бепул ўқиш билан бирга оилавий шифокор сифатида ишлаб маош олади. Резидентура битирувчиси оилавий шифокорлик бўйича тор соҳа дипломи ва 150 фоизли устама олади.
Бундан буён тиббий таълим сифатини баҳолаш бўйича уч босқичли тизимга ўтилиши белгиланди. Тиббиёт олийгоҳларининг бакалавр босқичида талабаларнинг фундаментал ва клиник фанлар бўйича билими баҳоланади. Резидентурани тугатган шифокорлар эса ихтисослиги бўйича имтиҳондан ўтказилади. Шундан кейин мутахассис давлат рўйхатидан ўтади ва унга тиббий фаолият юритишга рухсат берилади.
Кўп вақтини бемор олдида ўтказадиган ҳам, муолажаларни бажарадиган ҳам – ҳамширалар. Эндиликда оддий муолажани қиладиган эмас, ташхис, даволаш ва профилактикада шифокорга кўмакчи бўладиган ҳамшираларни тайёрлашга ўтиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бунинг учун Ҳамширалар академияси Тошкент давлат тиббиёт университети тасарруфига ўтказилиб, негизида Олий касбий тиббиёт академияси ташкил қилинади. Академия АҚШ, Германия, Буюк Британия каби давлатлар олийгоҳлари билан бирга келаси йилдан олий маълумотли ҳамшира тайёрлашни бошлайди.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь