ҲАМАС Трампнинг Ғазо бўйича режасини қабул қилди. Улар нималарга рози бўлди?
Олам
−
04 Октябрь 2025 7615 4 дақиқа
ҲАМАС кеча, 3 октябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Ғазо бўйича таклифи шартларига мувофиқ равишда “тирик ёки ўлик ҳолда” барча исроиллик гаровдагиларни озод қилишга рози бўлди ҳамда келишув тафсилотларини муҳокама қилиш учун воситачилар орқали дарҳол музокара бошлашга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда ҳаракатнинг тегишли баёноти эълон қилинди.
ҲАМАС Трамп режасининг бир неча муҳим қисмларини қабул қилди, жумладан: урушни тугатиш, Исроилнинг чиқиб кетиши, исроиллик гаровдагилар ва фаластинлик маҳбусларни озод қилиш, ёрдам ва тикланиш ишларини ташкил этиш ҳамда фаластинликларни ҳудуддан чиқаришга қарши чиқиш.
Шу билан бирга, ҲАМАС баёноти билан Трамп режаси ўртасида Ғазонинг келажакдаги бошқаруви ва ҲАМАСнинг ўзи бу жараёнда қандай роль ўйнаши ҳақидаги масалаларда фарқлар мавжудлиги кўринди. ҲАМАС бу борада кейинги музокараларни ўтказиш истагини билдирди.
ҲАМАС баёноти билан Трамп режаси ўртасидаги фарқларни қуйидагича таққослаш мумкин:
ҲАМАС Трамп режасидан нимага рози эканини айтмоқда?
Исроиллик гаровдагилар ва фаластинлик маҳбусларни озод қилиш:
ҲАМАСнинг билдиришича, у Ғазодаги исроиллик гаровдагиларни – тирик ёки ўлик ҳолда – “Президент Трамп таклифида назарда тутилган алмашиш формуласига мувофиқ, зарур амалий шароитлар таъминланган ҳолда” озод қилади.
“Зарур амалий шароитлар” дегани билан нима назарда тутилгани аниқлаштирилмаган. Гуруҳ бу масала бўйича тафсилотларни муҳокама қилиш учун воситачилар орқали дарҳол музокараларга тайёрлигини билдирди.
Трамп режасига кўра, ҲАМАС “Исроил бу келишувни оммавий равишда қабул қилганидан кейин 72 соат ичида” барча гаровдагиларни қайтариши керак.
Шундан сўнг, Исроил умрбод қамоқда бўлган 250 фаластинлик маҳбусни, шунингдек, 2023 йил 7 октябридан кейин ҳибсга олинган 1 700 нафар Ғазо фуқаросини, улар орасида барча аёллар ва болаларни озод қилади. Ҳар бир исроиллик гаровдаги шахснинг жасади қайтарилганда, Исроил 15 нафар ҳалок бўлган ғазоликнинг жасадини қайтариши назарда тутилган.
Оташкесим, урушни тугатиш ва Исроилнинг чиқиб кетиши:
ҲАМАС урушни тугатиш ва Исроилнинг анклавдан “тўлиқ чиқиб кетиши” концепциясини қабул қилди. Баёнотда чиқиш босқичма-босқич амалга оширилади ёки йўқлиги ҳақида сўз юритилмаган, аммо Исроил оккупацияси рад этилган.
Трамп режасида айтилишича, “Исроил қўшинлари гаровдагиларни озод қилишга тайёргарлик кўриш учун келишилган чизиққача чиқиб кетади”. Шу вақтда Исроил ҳарбий ҳужумларини, жумладан, ҳаводан ва артиллериядан бомбардимонларни тўхтатади, “жанговар чизиқлар барча шароитлар тўлиқ чиқиб кетиш учун яратилгунга қадар музлатилган ҳолда қолади”.
Ёрдам, тикланиш ва фаластинликларни чиқаришга йўл қўймаслик:
ҲАМАС Трамп режасида Ғазога ёрдам оқимини кескин ошириш ва фаластинликларни ҳудуддан чиқаришни назарда тутмаганини олқишлади.
Трамп режасига кўра, ёрдам 19 январдаги келишувда белгиланган ҳажмда дарҳол Ғазога етказилади. Шунингдек, инфратузилма, шифохоналар ва нонвойхоналарни тиклаш, йўлларни очиш ва вайроналарни олиб ташлаш учун зарур ускуналар киритилади. Ёрдам БМТ, Қизил Яримой ва бошқа халқаро ташкилотлар орқали амалга оширилади.
ҲАМАС фаластинликларни Ғазодан кўчиришни рад этди. Трамп режасида “ҳеч ким мажбуран чиқарилмайди” деб таъкидланади ва чиқиб кетганлар хоҳласа, эркин қайтиши мумкинлиги айтилади. Режада фаластинликларни Ғазода қолишга ундайдиган иборалар ҳам бор.
ҲАМАС билан Трамп режаси орасида келишмовчиликлар қаерда кузатилмоқда?
Ғазони бошқаришда хорижий иштирок:
Трамп режасига кўра, “Ғазо вақтинчалик ўтиш даврида технократ ва сиёсатсиз фаластинликлардан иборат қўмита томонидан бошқарилади”, лекин бу жараёнда қатнашадиган аниқ шахслар ёки гуруҳлар тилга олинмаган.
Режада бу қўмита янги халқаро ўтиш органи томонидан назорат қилинишини, унинг раҳбари Дональд Трамп бўлишини ва аъзолар орасида Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр ҳам бўлишини назарда тутади.
ҲАМАС эса Ғазо маъмуриятини “фаластинлик миллий консенсусига асосланган, араб ва исломий кўмак билан фаолият юритадиган мустақил (технократ) фаластинликлар органига” топширишга рози эканини билдирди. ҲАМАС аввал ҳам бошқарувни бошқа бир Фаластин органига топшириш таклифини берган эди.
Шу билан бирга, ҲАМАС АҚШ араб давлатлари билан ҳамкорликда ташкил этмоқчи бўлган “вақтинчалик халқаро барқарорлаштириш кучлари”ни Ғазога жойлаштириш режаси ҳақида изоҳ бермади.
ҲАМАСнинг келажакдаги роли:
Трамп режасида ҲАМАС “Ғазо бошқарувида ҳеч қандай тарзда – на бевосита, на билвосита, на бошқа шаклда – иштирок этмаслигига” рози бўлиши кераклиги айтилган. Режа, шунингдек, “Ғазони демилитаризация қилиш” жараёнини ҳам назарда тутади.
ҲАМАС эса ўз баёнотида ҳаракатни “кенг қамровли Фаластин миллий тузилмасининг бир қисми” деб ҳисоблашини билдирди. У демилитаризация ҳақида фикр билдирмади ва аввал ҳам бу чақириқларни рад этган.
“Бу масала умуммиллий позицияга боғлиқ бўлиб, тегишли халқаро қонун ва резолюциялар асосида муҳокама қилиниши керак. Унда ҲАМАС ҳам иштирок этади ва тўла масъулият билан ҳисса қўшади”, дейилади ҲАМАС баёнотида.
Шунингдек, ҲАМАС ўз аъзолари қуролларини топширса, уларга амнистия ва бошқа мамлакатларга хавфсиз чиқиб кетиш имкониятини бериш ҳақидаги Трамп режасидаги таклифга ҳам изоҳ бермади.
Live
Барчаси