ҲАМАС Ғазода ўт очишни тўхтатишга рози бўлди – ОАВ

Олам

image

ҲАМАС ҳаракати АҚШ Президентининг махсус вакили Стив Уиткоффнинг Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш таклифига рози бўлди. Бу ҳақда манбасига таяниб, “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, Уиткоффнинг таклифи воситачилар орқали ҲАМАСга етказилди. Унда ўн нафар исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш, 70 кунлик ўт очишни тўхтатиш ва Исроил қўшинларининг Ғазо секторидан қисман олиб чиқилиши назарда тутилган.

“Ташаббус, шунингдек, Исроил бир қатор фаластинлик маҳбусларни, жумладан, узоқ муддат қамоқда ўтирган юзлаб маҳбусларни озод қилишни кўзда тутади”, дея хабар беради “Reuters”. 

Бундан ташқари, ўт очишни тўхтатиш даврида томонлар доимий ўт очишни тўхтатиш режимини муҳокама қилишни бошлайди. Бунгача Исроил ва ҲАМАС икки марта сулҳ тузиб, исроиллик гаровга олинганларни фаластинлик асирларга алмаштирган эди. Охирги сулҳ март ойида якунланган эди. Томонлар уни узайтириш борасида келиша олмади.

17 май куни Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича ҲАМАС-Исроил музокараларининг янги раунди бошланди. Аммо 21 май куни музокаралар боши берк кўчага кириб қолди. Шундан сўнг “Ynet”нинг хабар беришича, Исроил Доҳадан делегацияни чақириб олишга қарор қилган, чунки ҲАМАС Уиткоффнинг гаровга олинганларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатиш режасини қабул қилишдан бош тортган.

“Al-Mayadeen” фаластинлик мулозимга таяниб, ҲАМАС 90 кунлик оташкесим, беш тирик гаровга олинган одам озод этилиши ва беш нафар жасад топширилишини талаб қилганини ёзди. Бироқ Америка томони охир-оқибат 70 кунлик оташкесим режасини тасдиқлади.

Исроил келишув шартларини қабул қилишга тайёрлиги ҳақида ҳали расман изоҳ бермади. “Reuters” хабари чоп этилишидан олдин ҳам “The Times of Israel”юқори мартабали исроиллик мулозимга таяниб, Исроил ҲАМАС таклифини рад этгани ҳақида хабар берди.

“ҲАМАС имконсиз шартларни қўяди, яъни уруш мақсадларига эришиш ва гаровга олинганларни озод қилиш мумкин эмас”, деди у.

Май ойи ўрталарида Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) Ғазо секторида янги қуруқликдаги операция “Гидён араваси” бошланганини эълон қилди. “The Times of Israel” нашрининг ёзишича, ҳозирда Ғазо секторида ЦАХАЛнинг барча оддий пиёда ва зирҳли бригадалари жойлаштирилган. Нетаньяху Исроил Ғазо секторининг бутун ҳудудида ҳарбий назорат ўрнатиш ниятида эканини айтди. Ғазодаги оғир гуманитар вазият Европа Иттифоқини яҳудий давлати билан муносабатларини қайта кўриб чиқишга ундаган, Британия, Канада ва Франция эса санкциялар билан таҳдид қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Исроил Ғазо ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг