Ҳафталаб чегарада қолиб кетган ўзбекистонликлар 1,3 млн сўмга чипта олиб, Ватанга қайтяпти
Жамият
−
06 Август 2020
9046Бугун, 6 август куни Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия – Қозоғистон давлат чегарасидан ўтказиш масаласи бўйича Республика махсус комиссияси ҳамда Россия ва Қозоғистон томони билан келишувга биноан, Ўзбекистон фуқароларини йўловчи поездлари орқали олиб келиш жараёни бошланди.
Тошкен – Бузулук – Тошкент йўналишидаги поезд 918 нафар йўловчи билан бугун, 6 август куни тунда Ўзбекистон томон йўлга чиқади. Тошкент – Кинел – Тошкент йўналишидаги поезд эса 7 август куни 918 нафар йўловчилар билан тушдан сўнг Ўзбекистон томон ҳаракатланишни бошлайди.
Ушбу рейс чипталари фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Бузулук ва Кинел вокзалларида сотилди. Бузулук - Тошкент йўналишидаги чипталар нархи 1 287 000 сўм (9 259 рубль), Кинел - Тошкент – 1 357 000 сўм (9 761 рубль) ни ташкил этди. Йўл давомида йўловчи поездлар фақат техник кўрик учун тўхтатилади, яъни станция-вокзалларда йўловчиларнинг платформага тушишига рухсат этилмайди.
Поездлар Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари кузатуви остида олиб келинади.
Диққат! Ушбу рейсларда олиб келинган йўловчилар поездлардан тушиши биланоқ Наманган ва Тошкент вилоятларининг карантин зоналарига юборилади.
“Айнан шу жиҳатни инобатга олган ҳолда йўловчиларнинг қариндош ва яқинлари уларни кутиб олиш мақсадида вокзалга ташриф буюрмасликларини сўраб қоламиз”, дейилади хабарда.
Транспорт вазирлиги йўловчилардан борди-ю, чипталарни ҳарид қилиш вақтида ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар содир этилиши билан боғлиқ вазиятларга дуч келган тақдирда вазирликнинг 1167 қисқа рақамли ишонч телефонига, шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ (71) 299-94-50 ишонч телефонига мурожаат этишларини сўраган.
LiveБарчаси