Зўравонлик ва таъқиб: дунёда қочқинлар сони 84 миллиондан ошди

Олам

image

Дунё бўйлаб ички кўчирилган ва бошқа мамлакатдан бошпана сўраган қочқинлар сони 84 миллиондан ошди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг янги ҳисоботида айтилган.

Қайд этилишича, одамлар можаролар, зўравонликлар, иқлим ўзгариши ва таъқиблар туфайли уйларини ташлаб кетмоқда. 

“Халқаро ҳамжамият одамлар уйларини ташлаб кетишга мажбурлаётган зўравонлик, таъқиблар ва инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини ололмаяпти”, деган БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссари Филиппо Гранди.

Унинг сўзларига кўра, аҳолининг кўчиши билан боғлиқ вазият иқлим ўзгариши оқибатлари туфайли янада оғирлашяпти.

Ички кўчирилганлар

БМТнинг ҳисоботига кўра, 2021 йил июнь ойи охирига келиб, дунё бўйлаб мамлакат ичи бўйлаб кўчирилганлар сони 51 миллион кишини ташкил этган. Шунингдек, 4,4 миллион киши бошпана изловчи сифатида рўйхатга олинган.

Ҳисоботга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида ички кўчирилганлар сони 48,6 миллиондан 50,9 миллионга кўпайган. Бу ўсиш, биринчи навбатда, можаролар ва зўравонликлар туфайли содир бўлган.

Ҳисобот муаллифлари йилнинг биринчи ярмида ички кўчирилганлар сони ортган мамлакатлар қаторида Афғонистон, Конго Демократик Республикаси, Эфиопия, Мозамбик, Мьянма ва Жанубий Суданни келтирган.

Қочқинлар

Қочқинларга келсак, 2021 йилнинг июнь ойи охирида уларнинг сони 20,8 миллион кишини ташкил этган. Бу ўтган йил охирига нисбатан 172 минг кишига кўпдир. Жорий йилда қочқинлар сонининг кўпайишига биринчи навбатда бешта давлат – Марказий Африка Республикаси, Жанубий Судан, Сурия, Афғонистон ва Нигерияни тарк этган резидентлар сабаб бўлган.

Ҳисоботда айтилишича, энг кўп қочқинлар (6,6 миллион киши) Сурия фуқаролари ҳисобланади.  Сурияликлардан кейин қочқинлар рўйхатида иккинчи ўринни венесуэлаликлар эгаллаб турибди. (3,7 миллион киши), учинчи ўринда Афғонистон турибди ( 2,7 миллион киши).

Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, бугунги кунда қочқинларнинг аксарияти паст ёки ўрта даромадли мамлакатларда яшайди.

Туркия энг кўп қочқинларни қабул қилган. Расмий маълумотларга кўра, унинг ҳудудида 3,7 миллион қочқин бор. Ундан кейин Колумбия, Уганда, Покистон ва Германия туради.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

22

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг