Зуҳо намози қай тартибда ва қачон ўқилади?
Бу қизиқ
−
30 Июль 2020
23150Аввалроқ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси пандемия шароитида Ҳайит намозининг ўрнига нафл намозини ўқишни тавсия қилинган эди. Хўш, у қандай ўқилади?
Номланиши: Зуҳо намози манбаларда турли номлар билан зикр қилинган бўлиб, кўпроқ “Ишроқ намози”, “Шуруқ намози”, “Аввобийн намози” ва “Чошгоҳ намози” деб юртилади.
Ҳукми: Зуҳо намозини адо этиш нафл амал саналади. Нафл деб, кишини ўз ихтиёри билан фарзга қўшимча тарзда бажарадиган амалига айтилади. Яъни, Зуҳо намози – бир кунда беш маҳал адо этилиши мажбурий бўлган фарз намозларини тўлдирувчи, ихтиёрий суратда адо этилса, улкан савоб бўладиган намоз ҳисобланади.
Вақти:
- Бу намознинг вақти қуёш бир найза бўйи кўтарилганда, яъни қуёш чиққандан тахминан 20 дақиқа кейин бошланади.
- Охирги вақти эса кун тиккага келган вақтдан бир соат аввалги вақтгача ҳисобланади. Ушбу икки вақт оралиғида Зуҳо намозини адо этиш мумкин.
Ракатлари сони: Зуҳо намози икки ракатдан саккиз ракатгача ўқиш мумкин. Энг афзали тўрт ракатдан ўқишдир. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам кўпроқ тўрт ракатдан ўқиганлари Оиша разияллоҳу анҳодан нақл қилинган. Зуҳо намозида маълум сураларни ўқиш шарт қилинмаган. Ушбу намоз овоз чиқармасдан махфий, ёлғиз ҳолатда ўқилади
Фазилати: Зуҳо намозининг фазилатига доир кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Жумладан, Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида то зуҳо намозини ўқигунча ўтирса, фақат яхшиликдан бошқани гапирмаган бўлса, унинг хатолари, агар денгиз кўпигидан кўп бўлса ҳам мағфират қилинади”, деганлар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким зуҳо намозини бардавом ўқиса, унинг гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дедилар” (Имом Термизий ривоятлари).
Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг ҳар бир аъзоингизга садақа вожибдир. Ҳар бир тасбиҳингиз – садақа, ҳар бир ҳамд айтишингиз – садақа, ҳар бир таҳлилингиз (“Ла илаҳа иллаллоҳ”, дейишингиз) – садақа, ҳар бир такбирингиз – садақа, яхшиликка буюришингиз – садақа, ёмонликдан қайтаришингиз – садақа. Энди буларнинг ҳаммаси учун икки ракат зуҳо намозини ўқишингиз кифоядир”, - дедилар (Имом Муслим ривоятлари)
Зуҳо намозини ўқиш тартиби:
Намозга киришиш:
- Намозни бошлашдан аввал қуйидагича ният қилинади: “Тўрт ракат зуҳо намозини холис Аллоҳ учун ўқишни ният қилдим”.
- Кейин икки қўлни қулоқнинг юмшоқ жойига олиб бориб, “Аллоҳу акбар” деб намозга кирилади.
- Кейин қўллар туширилиб, киндик остида боғланади.
Биринчи ракат:
- Қўллар боғлангандан кейин қуйидаги “Сано” дуосини ўқийди: “Субҳаанакаллоҳумма вабиҳамдика ватабааро касмука ватаъаалаа жаддука валаа илааҳа ғойрук”.
- Сўнг “Аъузу” ва “Бисмиллаҳ”ни айтиб, “Фотиҳа” сурасини ўқийди.
- Кейин “омийн” дейди.
- Сўнгра ўзи яхши билган бир сурани зам сура сифатида ўқийди.
- Кейин “Аллоҳу акбар” деб, руку қилади.
- Рукуда уч марта “Субҳаана роббиял ъазим”, дейилади.
- Сўнгра “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ”, деб бошини рукудан кўтариб, яна тик турилади.
- Кейин “Роббанаа лакал ҳамд”, деб бироз тик туради
- Кейин “Аллоҳу акбар” деб саждага боради. Саждада уч марта “Субҳана роббиял аълаа”, дейди.
- Саждадан “Аллоҳу акбар” деб қайтиб, хотиржам ҳолатда, қўлларини сонини устига қўйиб ўтиради
- Кейин яна “Аллоҳу акбар” деб яна бир марта сажда қилади. Унда ҳам уч марта “Субҳана роббиял аълаа”ни айтади.
Кейин “Аллоҳу акбар” деб иккинчи ракатга туради.
Иккинчи ракат:
- Иккинчи ракат ҳам биринчиси каби бўлади. Фақатгина иккинчи ракатда “Сано” ўқилмайди, “Аъузу” айтилмайди.
- Намозхон иккинчи ракатда икки марта сажда қилиб бўлгандан кейин ўтиради ва “Аттаҳийят” дуосини ўқийди.
- Кейин “Аллоҳу акбар” деб учинчи ракатга туради.
Учинчи ракат:
- Учинчи ракатда иккинчи ракатда нима қилган бўлса шуни бажаради.
- Учинчи ракатнинг икки марта саждасидан кейин ўтирмасдан тўртинчи ракатга туради.
Тўртинчи ракат:
- Тўртинчи ракатда учинчи ракатда нима қилган бўлса, шуни қилади.
- Тўртинчи ракатнинг икки саждасини бажаргандан кейин ўтиради ва “Аттаҳийят” дуосини ўқийди.
- Кейин “Аллоҳумма соли ъало...” ва “Аллоҳумма борик ъало...” салавотларини ўқийди.
- Мазкур икки салавотдан кейин “Аллоҳумма мағфирли...” ёки “Роббанаа аатинаа фид дуня...” дуоларидан бирини ўқийди.
- Кейин аввал ўнг елкасига қараб, “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ” деб салом беради.
- Кейин чап елкасига қараб “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ”, деб салом беради.
Шу билан тўрт ракатли зуҳо намози адо этилган ҳисобланади.
2020 йил Рамазон ҳайити кунидаги зуҳо намозини ўқиш вақти
Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари томонидан Ислом дини манбалари ва астрономик маълумотларга таянган ҳолда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 2020 йил 24 май, якшанба кунига тўғри келиши ҳақида хулоса қилинди.
Шунга кўра, 2020 йил 24 май якшанба куни Зуҳо намози Тошкент вақти билан 05:20 да, бошқа жойларда намоз вақтидаги тафовутни инобатга олиб ўқилади.
Аллоҳ таоло Рамазон ҳайити кунидаги Зуҳо намозимизни барчамиздан қабул айлаб, бу куннинг шарофати билан юртимизни файзу баракотга тўлдирсин!
Ҳудудларда Зуҳо намозини ўқиш вақтлари билан қуйида танишишингиз мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь