Мусулмонлар идораси Қурбон ҳайитини нишонлаш бўйича фатво берди
Жамият
−
25 Июль 2020
15525Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Уламолар кенгаши Қурбон ҳайитини нишонлаш ва ҳайит намозини адо этишга доир ўз фатвосини эълон қилди. Унда шундай дейилади:
"Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Ўз ҳузурида энг улуғ кунларни бизга байрам қилиб берган
Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсин!
Ҳазрати Расули муҳтарамга салом ва салавотларимиз бўлсин!
Азиз юртдошлар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши номидан Сиз азизларни меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат айёми бўлган Қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этамиз.
Маълумки, бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам коронавирус касаллиги авж олмоқда. Ҳозир инсоният оғир синовли даврни бошидан кечирмоқда. Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Лекин, бутун жаҳонда бўлгани каби юртимизда ҳам пандемия билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда.
Баъзи мусулмон ва қўшни давлатларда коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ ҳолат кескинлиги сабабли уламолар томонидан Қурбон ҳайити намозини жамоат бўлиб ўқишнинг иложи йўқлиги ҳақида фатволар эълон қилинди.
Ислом дини манбаларида Қурбон ҳайити намози вожиб амал экани баён этилган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан жума намози вожиб бўлган кишиларга ҳайит намози вожиб экани нақл қилинган. Жума намози Қуръон, суннат, ижмо каби қатъий далиллар билан собит бўлган фарз амалдир. Модомики муайян узрлар билан фарз бўлган жума намозини вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида уламолар фатвоси қабул қилинган экан, вожиб амал бўлган ҳайит намозини ўқимаслик ҳам ўз-ўзидан маълум бўлади.
Баён этилганлардан келиб чиқиб, 2020 йилги Қурбон ҳайити (Ийдул адҳо) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги, мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади.
Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвосида қайд этилганидек, эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолдаги хулосалари айни Қурбон ҳайити намозига ҳам тегишлидир.
Бундай вазиятда оят, ҳадис ва шаръий қоидаларда кўрсатилган тавсияларга амал қилишга буюрилади. Шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ийд намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намозини адо этиш соқит бўлади.
Мавжуд вазият тақозосидан келиб чиқиб, Ийдул адҳа намози адо қилинмаса ҳам Қурбон ҳайити кунлари савобли амаллар бисёр эканини маълум қиламиз. Қурбон ҳайити зулҳижжа ойининг 10-кунига тўғри келиши эътиборидан ушбу ой ва унинг биринчи ўн кунлиги фазилати жуда улуғ экани мўътабар манбаларда баён этилган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Фажр” сурасида: “Тонга қасам. (Зулҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам. Жуфт ва тоққа қасам”, деб марҳамат қилган.
“Жуфтга қасам”даги “жуфт”дан мурод, зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, “тоқ”дан мурод эса тўққизинчи кунидир. Имом Нисобурий айтадилар: “Аллоҳ таолонинг ушбу ўн кечага қасам ичиши, бу кунларнинг нечоғлик шарафли ва улуғ кунлар эканига далолат қилади ва унда дунёвий ва ухровиий манфаатлар борлигини кўрсатади.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги бир йил ва ундан кейинги бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Коронавирус пандемияси сабаб карантин ҳолатида ҳайит намози ўқилмаётгани учун қурбонликни тонг отгандан бошлаб қилиш жоиз бўлади. Юртдошларимиз ҳайит куни бомдод намозини ўқиганларидан сўнг, қуёш чиққандан кейин 4 ракат Зуҳо намозини ўқиб, кейин қурбонлик қилсалар, янаям савобли бўлади. Қурбонлик қилиш ҳайитнинг 3-кунига қадар давом этади.
Мавжуд вазият тақозосидан келиб чиқиб, Қурбон ҳайити намози адо қилинмаса ҳам байрам кайфиятини сақлаб қолиш учун Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий манбаларидан бири бўлмиш “Мажмаъул анҳур” китобида шундай дейилади:
اعْلَمْ أَنَّ صَلَاةَ الْعِيدِ قَائِمَةٌ مَقَامَ الضُّحَى فَإِذَا فَاتَتْ بِعُذْرٍ يُسْتَحَبُّ
أَنْ يُصَلِّيَ رَكْعَتَيْنِ أَوْ أَرْبَعًا وَهُوَ أَفْضَلُ
яъни: “Маълум бўлсинки, ҳайит намози Зуҳо (чошгоҳ) намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал”.
Шундай экан, Қурбон ҳайити кунларида савоб ишларни кўпайтириш, такбири ташриқ айтиш, нафл ибодат қилиш, покланиш, чиройли кийимлар кийиш, хушбўйланиш, қурбонлик қилиш, яқинларига ҳадялар улашиш айни савобли ишлардан бўлади.
Баён этилган шаръий далил ва ҳужжатлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши карантин шароитида Қурбон ҳайитини нишонлаш бўйича қуйидаги тавсияларини эълон қилади:
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши Ислом дини манбалари, Республика махсус комиссияси хулосалари ва тиббиёт мутахассислари тавсияларига таянган ҳолда 2020 йилги пандемия шароитида Қурбон ҳайити – Ийдул адҳа намозини ўқиш мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўлишини маълум қилади.
Қурбон ҳайити куни мўмин-мусулмонларга ўз хонадонларида қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин тўрт ракатли нафл намози ўқишлари тавсия этилади.
Қурбон ҳайити куни имкони бор юртдошларимиз бомдод намозини ўқиб, кейин қурбонлик қилишлари тавсия этилади. Қурбонлик гўшти учга тақсимланиб, бир қисми – яқин қариндошларга, яна бир қисми – камбағал ва муҳтожларга тарқатиш, қолганини – оила аҳлига олиб қолиш мустаҳабдир. Ҳаммасини фақирларга берса ёки оилада кўпчилик бўлса, уйда қолдирса ҳам бўлади.
Бу йилги Қурбон ҳайити карантин шароитида нишонланаётгани инобатга олиб, одамлар жамланишига сабаб бўладиган урф-одатларни ташкил этмаслик, уйма-уй юриб, турли хил азахонликлар, маърака-маросимларни ўтказмаслик ва қабристонлар зиёратидан сақланишни сўраймиз. Хонадонда, оила-аъзолари билан бирга Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, ўтганларимиз руҳи покларига бахшида этишни тавсия этамиз.
Имом-хатиблар томонидан бугунги пандемия шароитидан келиб чиқиб, Қурбон ҳайити хонадонларимизга қувонч, юртимизга файзу барака кириши, бир-биримизга бўлган меҳр-оқибатимизни янада зиёда бўлишига сабаб экани тўғрисидаги тарғибот ишлари амалга оширилсин.
Азиз юртдошлар, Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу кунларда, қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда дуо қилайлик. Халқимизни, жонажон Ватанимизни офату кулфатлардан, балою қазолардан Ўзи сақлаб, ҳаётимизни бундан-да фаровон қилсин.
Сиз азиз юртдошларимиздан белгиланган карантин қоидаларига қатъий амал қилишингизни, ўзингиз ва яқинларингизни эҳтиёт қилишингизни сўраб қоламиз.
Вассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳу".
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши,
2020 йил 25 июль
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь