Зойир Мирзаев 30 йилдан буён ҳокимлар қадами етмаган қишлоққа борди
Жамият
−
12 Февраль 2022 14425 2 дақиқа
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган, 30 йилдан буён ҳокимлар қадам босмаган Писком қишлоғига борди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова воқеа жойидан хабар бермоқда.
Журналист Зойир Мирзаевга одатда ҳокимлар бирор бир ҳудудга боришидан олдин саҳналаштириш жараёнлари бўлиши, режа асосида ҳоким келишига ўзгача тайёргарлик кўрилиб, дастурхонлар тузатилиши мумкинлигини айтиб, “Мана шундай сохталиклар бўлишидан қўрқмайсизми?”, деб сўради.
“Шундай ҳолат кўрдингизми? Шунақа нарса борми? Мен келишимга кўзбўямачилик бўлса, мен даврага кирмасдан ҳам қайтиб кетавераман”, дейди ҳоким.
Шу ўринда журналист Зойир Мирзаевга Писком қишлоғига охирги марта 30 йил олдин вилоят ҳокими келганини айтиб, нима учун энг чекка қишлоққа боришга қарор қилганини сўради.
“Яқинига ҳар доим борамиз, тезроқ бу ернинг одамлари билан танишиб, қишлоқ шароитини ўргансак, ишимиз фаол бўлади. Ёзга чиққунча қўлимизда нимадир дастур бўлиши керак-ку. Биз ҳаммасига бориб кўрган ҳолда оғирини танлаймиз. Ёрдам берадиган жойларимизни режа қилиб оламиз. Шунга қараб қўлимиздан келганини қиламиз, келмаганини раҳбариятга олиб чиқамиз. Энг чекка ҳудуддан бошлаш керак, яқинига ҳар доим улгурамиз”, дейди Мирзаев.
Шунингдек у сўзида давом этиб, Тошкент вилоятидаги энг катта муаммоларни санаб ўтди.
“Биринчи масала йўл. Иккинчиси ишсизлик. Қолаверса, одамларда ҳам раҳбарлардан ҳам интилиш ва ҳаракатнинг камлигидир”, дейди у.
Live
Барчаси