Зироат Мирзиёева “Eco-schools Uzbekistan” ғолибларини табриклади
Жамият
−
28 Апрель 3013 2 дақиқа
Ўзбекистондаги 30 та мактаб “Eco-schools Uzbekistan” лойиҳасининг энг яхши иштирокчилари деб топилди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними, “Замин” фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева ушбу иштирокчиларни табриклади. Бу ҳақда лойиҳанинг Telegram-каналида хабар берилди.
Қайд этилишича, бугун, 28 апрель куни Хивада “Eco-schools Uzbekistan” лойиҳасининг асосий рамзи бўлган Яшил байроқ тантанали равишда кўтарилган. Лойиҳанинг миллий оператори – “Замин” фонди томонидан ўтказилган аудит натижаларига кўра, 30 та мактаб дастурнинг энг яхши иштирокчиси деб топилган ва экологик таълим соҳасида халқаро эътирофга сазовор бўлган.

Зироат Мирзиёева болаларни муносиб мукофот билан самимий табриклаб, эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмасликни тилаган.

“Барча синов ва қийинчиликларга қарамай олдинга интилиш фақатгина матонатли ҳамда ўз она юртига чин муҳаббати бор инсонларнинг қўлидан келади. Мен фахр билан айтаманки, бу хислатлар ҳар бирингизда мужассам! Сизлар табиатнинг чинакам ҳимоячиларисиз ва саъй-ҳаракатларингиз бизни БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш сари яқинлаштирмоқда”, дейди Биринчи хоним.

Байрамда халқаро тоифадаги ошпаз ва диетолог-нутритсиолог экомактаб ўқувчилари учун мувозанатли овқатланиш асослари ва соғлом таомланиш одатларини шакллантириш бўйича маҳорат дарслари ўтказган. Мавзу давомида БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (FAO) Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан мактаб ўқувчилари, бошланғич синф ўқитувчилари ҳамда ошхона ва буфет ходимлари учун тўғри овқатланиш бўйича услубий қўлланмалар тақдим этилган. Ушбу қўлланмалар барча умумтаълим муассасаларида ўтказиладиган республика тренингларига асос бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Зироат Мирзиёева Хоразм вилоятига ташриф буюриб, экофаоллар билан биргаликда “Арда Хива” туризм мажмуасида 3 мингдан ортиқ дарахт ва бошқа ўсимликлар экиш тадбирида иштирок этганди.
Live
Барчаси