Зимистонда қолган Ливан: электр таъминоти ҳафталаб тикланмаслиги мумкин
Олам
−
10 Октябрь 2021 7687 2 дақиқа
Кеча, 9 октябрь куни Ливан ёқилғи етишмовчилиги сабабли иккита йирик электр станциясининг тўхтаб қолиши ортидан кенг миқёсда электр энергияси танқислигига дуч келди.
Давлат электр компанияси вакилининг маҳаллий матбуотга берган интервьюсига кўра, шимолда Дейр-Аммардаги иссиқлик электр станцияси ва мамлакат жанубида жойлашган Заҳранийдаги иссиқлик электр станцияси Бирлашган Араб Амирликларидан мазут етказиб берилиши кечикканлиги сабабли ишламай қолган.
Бунга қадар Ливан ҳукумати ёқилғини фавқулодда сотиб олиш учун маблағ ажратган эди. Бироқ бу фойда бермади ва энди мамлакатдаги электр узилишлари икки ҳафта давом этиши мумкин.
Мазут етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар туфайли давлат электр компанияси ёзги даврда аҳолига электр энергиясини етказиб беришни икки соатдан тўрт соатгача қисқартирди, қолган вақтда эса ёруғлик хусусий фирмалар томонидан фуқаролар уйлари ва муассасаларига электр генераторлари ёрдамида берилмоқда.

Ливан Марказий банкининг жорий йил 12 августдаги валюта захираларининг камайиши туфайли ёқилғи-мойлаш материалларига давлат субсидияларини бекор қилиш тўғрисидаги қароридан сўнг инқирозли вазият янада оғирлашди.
Жорий йилнинг 22 сентябрь куни Ливан Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги ёқилғи-мойлаш материаллари нархининг 15 фоизга ошганини эълон қилди, август ойи бошида бензин ва мазут нархининг кўтарилиши 66 фоизни ташкил этган.

Араб давлатларнинг ёрдами
Ливан ҳукумати қўшни араб давлатлари ёрдами билан электр энергияси муаммосини ҳал қилишга уринмоқда. Жорий йилнинг 6 октябрь куни Иордания, Сурия ва Ливан энергетика вазирлари Суриядаги ҳарбий можаро пайтида вайрон бўлган ягона электр тармоғини тиклаш бўйича йўл харитасини тасдиқладилар.
Ушбу лойиҳа туфайли Иордания айниқса қишки мавсумда аҳолининг электр энергиясига бўлган талаби ортиши фонида Сурия ҳудуди орқали Ливанга қўшимча 200 МВт қувватини етказдириб бериши мумкин.
Live
Барчаси