Зилзиладан сўнг Истанбул аҳолиси тунни кўчада ўтказди (фоторепортаж)

Олам

image
Ҳозир энг оқилона иш – Истанбулни бутунлай тарк этиш – сейсмолог north_east

Ҳозир энг оқилона иш – Истанбулни бутунлай тарк этиш – сейсмолог

Истанбулда рўй берган 6,2 магнитудали зилзила ортидан шаҳар аҳолиси ўз уйларига қайтишни истамади. Кўплаб одамлар тунни кўчаларда, масжидларда ёки дам олиш ҳудудларида ўзлари ўрнатган чодирларда ўтказди. Бу ҳақда “Haberler” хабар берди.

Фотиҳ туманидаги турли боғларда баъзи одамлар чодирларда тунашни танлади, бошқалар эса ерга тўшак солиб у ерда ётди. Айримлар машиналарида ухлади – бу ҳолатлар тасвирга ҳам олинди.

Истанбул губернатори одамлар учун масжидларни тун бўйи очиқ ҳолда сақлаш ҳақида баёнот берганидан сўнг, масжидлар ҳам хавфсиз тунаш жойига айланди. Фотиҳдаги “Шеҳзаде” масжидида фуқаролар ухлаётгани суратга олинди. Одамлар нафақат зилзила хавфидан, балки совуқдан ҳам сақланишга ҳаракат қилди.

Кағитҳанедаги Ҳасбаҳче боғи ва Зейтинбурну қирғоғида чодир тикканлар ўт ёқиб овқат тайёрлади. Айримлар уйларидан тўшак, кўрпа ва ёстиқларни олиб келиб тайёргарлик кўрди, бошқалар эса ўчоқ атрофида ўраниб ўтирди. Боғдаги чодирларда оилалар тўпланиб, болалар ўйнади.

“Мен кўп қийинчилик кўрдим, ўша пайтда ишда эдим. Бирдан титрашни ҳис қилдим, аввалига экскаватор ишлаяпти деб ўйладим. Кейин ташқарига чиқдим, бинолар қулашини кутдим. Очиқ ҳавода ишлаётган эдим, атрофимда фақат бинолар бор эди. Жуда совуқ, музлаб қолдик”, деди боғда тунаган Мурад Тошдемир.

Маҳаллий аҳоли вакили Эрдал Доған ҳам зилзила бўлишидан қўрқиб кўчада тунаган.

“Зилзила вақтида уйимиздан чиқиб, бу ерга қочдик. Шу ерда кутяпмиз. Биноларга ҳеч нарса бўлмаса ҳам, биз барибир эҳтиёт учун шу ерга келдик. Яна ер қимирласа, яна шу ерга келамиз”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ зилзила сабаб Истанбул шаҳридаги мактаб ва университетларда таълим 2 кунга тўхтатилгани хабар қилинганди.

Истанбулда зилзила

Кеча, 23 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 12:49 да Туркиянинг Истанбул шаҳрида 6,2 магнитудали зилзила содир бўлди. У Силиври тумани соҳилида содир бўлган. Зилзила қўшни вилоятларда ҳам сезилган. Зилзила эпимаркази 6,99 километр чуқурликда жойлашган. Қолаверса, 6,2 магнитудали биринчи зилзиладан кейин магнитудаси 3,1 дан 4,9 гача бўлган ўнта афтершок қайд этилди. Соат 12:51 да ерости силкиниши (5,9) қайд этилган. Ундан кейин 4,4, 4,8, 4,5 ва 4,9 магнитудали зилзилалар кузатилган. 13:07 дан бошлаб силкинишлар кучи 3,4 дан 3,1 гача пасайишни бошлаган. Маҳаллий мутахассисларнинг сўзларига кўра, ерости силкинишлари ҳали давом этиши мумкин.

Ушбу зилзилалар пайтида 151 киши қўрқув сабаб баландликдан сакраган ҳолда тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Истанбул губернаторлиги маълумотига кўра, зилзила оқибатида ҳеч ким ҳалок бўлмаган. Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси маҳаллий фавқулодда хизматлар билан доимий алоқада бўлиб, вазиятни кузатишда давом этаётгани ва жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлигини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул зилзила

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг