Зилзила пайтида ИШИД жангарилари Сурия қамоқхонасидан қочиб кетди
Олам
−
07 Февраль 2023
11977Кеча, 6 февраль куни Сурия шимоли-ғарбидаги қамоқхонада ҳалокатли зилзиладан сўнг қўзғолон кўтарилди. Қамоқхонадаги 20 нафар ИШИД жангариси қочиб кетишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда “Al-Arabiya” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, воқеа чегара яқинидаги Ражо шаҳрининг полиция қамоқхонасида содир бўлган. У ерда 2000 га яқин маҳбус сақланган бўлиб, уларнинг 1300 га яқини ИШИД жангариси экани гумон қилинмоқда. Шунингдек, қамоқхонада курд жангарилари ҳам сақланган.
“Зилзила содир бўлганидан сўнг, Ражо жабр кўрди ва маҳбуслар қўзғолон кўтариб, қамоқхонанинг бир қисмини ўз назоратига олди. 20 га яқин маҳбуслар қочиб кетди. Улар ИШИД аъзолари деб ҳисобланмоқда”, Ражо қамоқхонаси расмийси.
Манбага кўра, минтақада ўнлаб ер силкиниши содир бўлган, қамоқхонага зарар етган, деворлари ва эшиклари ёрилиб кетган. Британияда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси маҳбуслар қочган-қочмаганини текшира олмаган, аммо исён бўлганини тасдиқлаган.
Ҳукумат ва қутқарувчилар маълумотларига кўра, эпимаркази Туркия жануби-ғарбида бўлган даҳшатли зилзила оқибатида Сурия бўйлаб камида 1444 киши ҳалок бўлди. “Оқ дубулғалилар” қутқарув гуруҳи мамлакатнинг шимоли-ғарбий қисмларида камида 733 киши ҳалок бўлгани ва 2 100 дан ортиқ киши жароҳатланганини маълум қилган.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси