Журналистлар ўлими: Журналистика ҳамон хавфли касблигича қолмоқда
Таҳлил
−
28 Ноябрь 2020
9420Сўнгги ўн йил ичида ўртача ҳар тўрт кунда бирон бир журналист вафот этган. Бундан ташқари, бугунги кунда журналистларни ўлдириш ва таъқиб қилишлар сони қуролли тўқнашувлар ва урушлар давом этаётган ҳудудларда эмас, балки тинч мамлакатларда ўсиб бормоқда. Бу ҳақда UNESCO ҳисоботида айтилган. Унга кўра, журналистика ҳамон хавфли касблар қаторида қолмоқда.
Ҳисоботга кўра, 2018-2019 йилларда дунё бўйлаб 156 журналист ўлдирилган, аксарият ҳужумлар Лотин Америкаси ва Кариб денгизида содир бўлган. Дунёнинг ушбу қисмида матбуот ходимларининг ўлдирилиши барча қотилликларнинг 31 фоизини, Осиё-Тинч океани минтақасида эса 30 фоизни ташкил этади.
Тўғри, 2019 йилда 57 нафар журналист қотиллик қурбони бўлган ва бу сўнгги уч йилда энг паст кўрсаткич. Умуман олганда, 2018-2019 йилларда журналистларнинг қотилликка учраши олдинги икки йилга нисбатан 14 фоизга камайган. UNESCO буни юқори натижа деб ҳисоблаши мумкинми ё йўқ, ҳали аниқ эмас.
Бошқа томондан, яна бир тенденция аниқ ва афсуски, жуда хавотирли. Бугунги кунда можаро юзага келган қуролли тўқнашувлар ҳудудида журналистларнинг ўлими жуда кам бўлишига қарамай, сўнгги 7 йил ичида тинч мамлакатларда оммавий ахборот воситалари ходимларининг ўлдирилиши энг юқори даражага етган. Бу журналистлар коррупция, инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши, одам савдоси ва сиёсий нопокликнинг намоён бўлиши каби муаммоларни кўтариб, бунинг бадалини жони билан тўламоқда. Уларнинг 95 фоизи эса маҳаллий журналистлар.
“Фикр билдириш эркинлигининг асосий ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва фуқароларнинг ишончли маълумотларга эга бўлишини таъминлаш учун журналистлар ўз хавфсизлигини шубҳа остига қўймай фаолиятини амалга ошириши керак ва уларга нисбатан жиноят содир этганлар доимо жавобгар бўлишлари шарт”, дейди UNESCO Бош директори Одри Азулай.
Ташкилот маълумотларига кўра, журналистларнинг ўлдирилиши билан боғлиқ жиноятларнинг фақат 10 фоиздан кўпроғи тергов органларигача етиб бормоқда. Охирги уч йилда тергов билан боғлиқ рақамларда ўсиш кузатилган. 2018 йилда 11 фоиз, 2019 йилда 12 фоиз, 2020 йилда эса 13 фоизга етган. Аммо буни ўсиш деб айтиб бўлмайди.
2006 – 2019 йиллар давомида Шарқий Европада 45 нафар журналист ўз хизмат вазифасини бажариш чоғида ўлдирилган. Ушбу қотилликларнинг ярмидан кўпи, яъни 24 нафарининг ўлдирилиши бўйича жиноятлар ҳамон фош этилмаган, қотиллар аниқланмаган.
Жорий йилда UNESCO журналистларни ўлдириш бўйича тергов жараёнлари тўғрисида 63 та мамлакатга сўров юборди. Булар 2006 – 2019 йилларда Ташкилот томонидан рўйхатга олинган 1167 ҳолатнинг 992 тасига тегишли. Украинага 11 та сўров юборилган бўлиб, мамлакатда журналистлар Павел Шеремет, Олеся Бузина, Вадим Комаров ва бир қатор оммавий ахборот воситалари ходимларининг қотилликлари бўйича жиноий ишлар ҳали тугамаган.
Маълум бўлишича, аксарият ҳолларда зўравонлик қурбонлари эркак журналистлардир. UNESCO буни сиёсий коррупция ёки уюшган жиноятчилик каби “хавфли” мавзуларни ва можароларни аёл журналистлар камроқ ёритиши билан изоҳлайди. Бунга қисман таҳририят Бош муҳаррирларининг хавфли ёки жиддий ишларга аёлларни юбормайдиган тарафкашлиги сабаб бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, аёллар жисмоний ва психологик, жумладан зўрлаш таҳдиди, шахсий маълумотларни тўплаш ва тарқатиш ва чуқур фейклар (уйдирма фотосуратлар ёки видеофилмлар, кўпинча уятсиз шаклда) ёки жинсий зўравонлик объектига айланиши эҳтимоли кўпроқ.
Журналистларга ишониб топширилган энг муҳим вазифалардан бири – бу ҳақиқатни очишдир, деб таъкидлайди UNESCO. Бу фактларни топиш, йиғиш ва текширишни англатади. Сўнгра улар жамоатчиликка етказилади. Шунинг учун БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг сўзларига кўра, журналистлар "ҳокимиятдагиларга ҳақиқатни айтишга" мажбур қиладиган алоҳида позицияга эга.
Бироқ, ҳақиқат ва куч ҳар доим ҳам бир-бирига мос келмайди, деб таъкидлайди UNESCO Бош директори Одри Азулай. Унинг сўзларига қараганда, бу йил UNESCO журналистларни ҳақиқатни кенг жамоатчиликка етказишда юзага келадиган хавф-хатарлардан хабардорлигини ошириш учун #EndImpunity хабардорлик кампаниясини бошлади.
“Бугун мен барча одамларни ушбу кампанияга қўшилишга, барча аъзо давлатларни, халқаро ва нодавлат ташкилотларни журналистларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва жазосизликни йўқ қилиш учун кучларни бирлаштиришга чақираман”, дейди Одри Азулай. “Фақатгина оммавий ахборот воситаларининг ходимларига қарши жиноятларни тергов қилиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш орқали биз фуқароларнинг ахборот олишлари ва сўз эркинлигини таъминлай оламиз”.
LiveБарчаси