Журналист Шуҳрат Бобожонов Ўзбекистонга қайтиб, замон ўзгарганини айтди (видео)
Жамият
−
01 Ноябрь 2021
1337820 йил аввал Ўзбекистондан чиқиб кетган, кўп йиллар давомида "Озодлик" нашрида фаолият юритган журналист Шуҳрат Бобожонов Ватанга қайтди. У 20 йилдан кейинги ўзгаришлар, Президент Мирзиёев Ҳукуматидаги инсоний иссиқлик ҳақида интервью берди.
"Таассуротлар мукаммал. 20 йил бўлди келганимга. Аэропортдан чиқишим билан инсоний иссиқликни, инсоний ҳароратни сездим", дейди Шуҳрат Бобожонов.
Хорижий матбуотда асосан Ўзбекистон Ҳукумати ва сиёсий элита ҳақидаги танқидий чиқишлари билан тилга тушган журналист бу кунларни, айниқса, онаси кўп кутганини айтади:
"Маълум бир сабабларга кўра 20 йил айрилдик. Келгач, онам билан кўришдим. Онам Европага ҳам келгандилар. Улар мени Ўзбекистонда кўришни истадилар. Онам бугун минг километр йўл босиб, Хоразмдан Тошкентдаги уйимизга келди. "Ҳалигача ўзимга келолмайман", дейдилар. Ёзда келишим ҳақида айтганимда, "кошки отанг кўрса эди", деганди. Отам келишимни кутиб, ўтиб кетди. Худо хоҳласа Хоразмга бориб, у кишининг қабрини зиёрат қилиш иккинчи вазифамиз".
Айни вақтда Тошкентда ўтаётган бадиий асарлар кўргазмасида Шуҳрат Бобожонов қаламига мансуб расмлар ҳам намойиш этилмоқда. У бу ҳақда гапираркан, бу ўзгаришлар натижаси эканини айтади.
"Ўзбекларда бир гап бор: замон кўтарса, фалон қилардим. Демак, замон кўтаряптики, мен кўргазма қиляпман. Замон ўзгарди", дейди Бобожонов.
Бобожоновга кўра, Ўзбекистондаги бугунги ўзгаришлар бир шахс, Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан боғлиқ. Эслашича, журналист Президент Мирзиёевнинг Германияга ташрифини ёритиш учун борган. Ўшанда журналистлар ва ватондошлар қаршисига чиққан Президент Бобожоновни Ўзбекистонга таклиф қилган. Журналист айнан Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзидаги қатъиятга ишониб, Ўзбекистонга қайтган.
LiveБарчаси