Кеча Президент мукофотлаган журналист бугун вафот этди
Маданият-санъат
−
26 Июнь 2021
23139Ўзбекистон миллий матбуоти фахрийси, таниқли журналист ва адиба Фарида Усмонова 100 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Журналистлар ижодий уюшмаси хабар берди.
Фарида Усмонова 1921 йил 23 январда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида туғилган. 1957 йилда Тошкент давлат педагогика институтини тамомлаган. У меҳнат фаолиятининг асосий қисмини Тошкент вилоятининг “Тошкент ҳақиқати” газетасида ўтган эди. Унинг ўндан ортиқ бадиий-публицистик китоблари, драматик асарлари ўқувчиларига етиб борган.
Таниқли журналист Фарида Усмонова узоқ йиллар давомида ўзбек матбуотида меҳнат қилган. Қалби дарё инсонлар ҳақида кўплаб очерклар ёзган. Унинг “Баҳор маликаси”, “Инсон қадри”, “Меҳри дарёлар” сингари рисолалари эълон қилинган. Адибанинг “Дил фарёди” романи, “Қиз келин” қиссаси чоп этилган. “Синов”, “Она бағри” драмалари саҳналаштирилган.
Фарида Усмонова 2021 йилнинг 23 январь куни 100 ёшни қаршилаганди. У кеча, 25 июнь куни Президент фармони билан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган эди.
Жаноза бугун, 26 июнь куни Қибрай тумани Алишеробод маҳалласида пешин намозидан сўнг ўқилади. Марҳума Яланғоч қабристонига дафн этилади.
LiveБарчаси