Журналист “давлатга хиёнат”да айбланиб, 22 йилга қамалди

Олам

image

Бугун, 5 сентябрь куни Москва шаҳар суди “Роскосмос” раҳбари маслаҳатчиси, “Коммерсант” ва “Ведомости” газеталарининг собиқ мухбири Иван Сафроновни давлатга хиёнатда айбдор деб топди. Бу ҳақда суд залидан ТАСС мухбири хабар берди. 

“Сафронов Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 275-моддаси (“Хиёнат”)да назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилсин”, дея судья ҳукмни эълон қилган. 

Суд ҳукмига мувофиқ Сафронов 22 йил озодликдан маҳрум этилди. У муддатини қаттиқ режимдаги колонияда ўтайди. ТАСС мухбирининг суд залидан хабар беришича, бу ҳукм сўнгги йилларда Россия судлари амалиётида ушбу модда бўйича энг оғир жазога айланди. 

“Сафроновга 22 йилга қаттиқ режимли колонияга ҳукм қилинди, 500 минг рубль миқдорида жарима, жазони ўтаб бўлганидан кейин икки йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланди", дейди судья. 

Сафронов судянинг саволига жавоб берар экан, ҳукм ўзи учун тушунарли эканини айтган.  

Судланувчини қўллаб-қувватлаш учун келган 50 га яқин киши ҳукмни “Озодлик!”, “Тўхтанг!”деган нидолар билан қарши олган. Сафронов бунга жавобан "Мен сизларни яхши кўраман!" деб бақирган ва суд залидан конвой ёрдамида олиб чиқиб кетилган. 

Томонлар баҳсида давлат айблови айбланувчини 500 минг рубл миқдорида жарима билан қаттиқ режимдаги колонияга 24 йилга озодликдан маҳрум этишни сўраган. У айбини тан олмаган. Ҳимоя томони оқлов ҳукмини талаб қилган. 

Адвокат Дмитрий Катчевнинг айтишича, ҳимоячи ҳукм устидан шикоят қилади.

“Ҳимоя томони ҳукм устидан шикоят қилмоқда, биз Сафроновнинг айбсизлигини таъкидлаймиз”, дейди адвокат. 

Ҳимоячи Сафроновга хизмат вазифасини бажаргани учун 22 йил қамоқ жазоси берилганини “нохолис” деб атади. 

“Россиядаги ҳар бир журналист энди шу касбда қолиши керакми ёки йўқ, буни ўйлаши керак”,  - дейди ҳуқуқшунос.

Иван Сафронов ҳақида нима маълум?

Иван Иванович Сафронов 1990 йил 18 майда Москвада туғилган. У 2010 йилда Олий Иқтисодиёт мактабининг журналистика факультетини тамомлаган. 2010-2019 йилларда "Коммерсант" мухбири ва махсус мухбири, 2019-2020 йилларда "Ведомости" газетасининг махсус мухбири бўлган. У ҳарбий-саноат комплекси ва космик саноат, шунингдек, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликка оид материалларни нашр этган. 2020 йилнинг май ойида Иван Сафронов “Роскосмос” давлат корпорацияси бош директори Дмитрий Рогозиннинг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган.

Иван Сафроновнинг ҳибсга олиниши

2020 йил 7 июль куни эрталаб Иван Сафронов Федерал хавфсизлик хизмати томонидан Москвада ҳибсга олинган. Департаментнинг расмий шарҳида қайд этилишича, Сафронов НАТО махсус хизматларидан бирининг топшириқларини бажариб, Россия Федерациясининг ҳарбий-техникавий ҳамкорлик, мудофаа ва хавфсизлиги тўғрисидаги давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаган ва унинг вакилига берган.

Роскосмос раҳбари Дмитрий Рогозин маслаҳатчи махфий маълумотларга кириш имконига эга эмаслигини айтди. Иван Сафроновга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 275-моддаси (“давлатга хиёнат”) билан иш қўзғатилган. 7 июль куни кечқурун Москванинг Лефортово суди қарори билан Иван Сафронов икки ойга ҳибсга олинди. Кейинчалик унинг қамоқ муддати бир неча бор узайтирилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

455

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг