ЖССТ 12 давлатдаги болаларда номаълум гепатит аниқланганини эълон қилди

Саломатлик 8821
image

Дунёнинг 12 та мамлакатидаги болаларда келиб чиқиши номаълум бўлган 170 га яқин ўткир гепатит ҳолатлари қайд этилди, улардан бири вафот этган. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълум қилди.

“2022 йил 21 апрель ҳолатига кўра, ЖССТнинг Европа минтақасидаги 11 ва Америка минтақасининг бир давлатида келиб чиқиши номаълум бўлган камида 169 та ўткир гепатит ҳолати қайд этилган”, дейилади ташкилот баёнотида.

Болаларда ўткир гепатитнинг 114 ҳолати Буюк Британияда, Испанияда 13, Исроилда 12, АҚШда тўққизта ва Данияда олтитаси қайд этилган. Ирландияда бешдан кам, Италия ва Голландияда тўрттадан, Норвегия ва Францияда иккитадан, Руминия ва Бельгияда биттадан ҳолатлар аниқланган.

Ташкилот маълумотларига кўра, беморларнинг ёши бир ойдан 16 ёшгача бўлган. Беморларнинг тахминан 10 фоизи жигар трансплантациясини талаб қилади. Камида битта ўлим ҳақида маълумот бор.

ЖССТ ушбу ҳолатларнинг ҳеч бирида A, B, C, E ва D турдаги гепатит вируслари аниқланмаганини билдирган. Камида 74 та ҳолатда аденовирус аниқланган, молекуляр текширув вақтида эса 18 кишида Ф гуруҳи (41-тоифа) аденовируси аниқланган. 

“Тестдан ўтганлар орасида 20 та ҳолатда SARS-CoV-2 аниқланган. Бундан ташқари, 19 кишида SARS-CoV-2 ва аденовирус коинфекцияси аниқланган”, дейилади ташкилот хабарида.

Ташкилот аденовирус ва бошқа кенг тарқалган инфекцияларнинг олдини олиш бўйича умумий чора-тадбирлар қўлларни мунтазам ювиш ва нафас олиш гигиенасини ўз ичига олишини таъкидлаган. ЖССТга аъзо мамлакатларга болаларда ўткир гепатит ҳолатларини текшириш ва хабар бериш тавсия этилган. Шу билан бирга, ЖССТ Буюк Британия ёки ўткир гепатит ҳолатлари аниқланган бошқа мамлакатлар билан саёҳат ёки савдога чекловлар қўйишни тавсия қилмаган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 175
Рейтинг: 2.9
t
×